Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ҳукумат соати”: 2022 йилда аҳолининг сув таъминоти даражаси 69,7 фоиздан 74,2 фоизга етказилади
2022-05-11 | Жамият
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатлар ҳудудларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳамда кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва уй-жой фондини янгилаш, соҳада коррупцияни йўқотиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.
Мазкур масала юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов маъруза қилди ва депутатларнинг саволларига жавоб берди.
— Мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди вазир Шерзод Ҳидоятов. — 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам бу борада устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, Дастур асосида республика аҳолисини ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини қарийб 87 фоизга етказиш бўйича (ҳар бир ҳудуд кесимида) лойиҳа таклифи ишлаб чиқилиб, хорижий молия институтларининг 26,6 триллион сўм кредит маблағлари, республика бюджетининг 13,4 триллион сўм маблағлари ҳисобидан жами 3 697 та иншоот ҳамда 40,5 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиши режалаштирилган.
2022 йилда Инвестиция дастурига асосан умумий қиймати 1 020 миллиард сўм бўлган 128 та объектлар доирасида 2,88 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 150 дона иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиниши назарда тутилган.
Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, жорий йилда 373 та объектларда 3 882,2 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 431 та иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш мақсадида 1 триллион сўм маблағлар ажратилиши режалаштирилди.
Шунингдек, 2022 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига мувофиқ, Халқаро молия институтлари иштирокидаги 18 та лойиҳа доирасида жорий йилда 245,2 миллион доллар қарз маблағлари ўзлаштирилиши белгиланган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2022 йилда 576,2 км ичимлик, 116,6 км оқова сув қувурлари, 2 та сув тозалаш, 29 та ичимлик сув тақсимлаш, 7 та оқова сув тозалаш иншоотлари, 3 та сув миноралари, 42 та сув резервлари ҳамда 22 та оқова сув насос станциялари қурилиши кўзда тутилган, — деди Ш.Ҳидоятов.
“Ҳукумат соати”да келтирилганидек, 2022 йилда амалга ошириладиган ишлар натижасида жами 1,6 миллиондан ортиқ аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 3,4 миллион аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади. Энг муҳими, аҳолининг сув билан таъминланганлик даражаси 69,7 фоиздан 74,2 фоизга етказилади.
Ш.Ҳидоятовнинг таъкидлашича, уй-жой фондини янгилаш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинган. Масалан, 2017-2021 йиллар давомида кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ҳудудларда 27 минг 792 та уй-жойларда жами 1 минг 799 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, 2022-2025 йиллар давомида кўп квартирали уйлар ва уйларга туташ ҳудудларда 6 минг 85 та уй-жойларда жами 734 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Қайд этилганидек, вазирликда коррупцияга қарши тизим фаолияти соҳада коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларни минимум даражага туширишга алоҳида эътибор қаратилмокда. Хусусан, кўп квартирали уйлар ширкат аъзолари томонидан унинг умумий мулкини сақлаш учун йиғиладиган мажбурий бадал пуллари миқдори ва уни сарфлашни рақамлаштириш ишлари амалга оширилди. Ходимларни моддий рағбатлантириш тартиби, мезонлари, уларга устамалар белгилаш учун эришилиши лозим бўлган рейтинг кўрсаткичларни белгилаш тартиби ишлаб чиқилди.
Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз саволларига жавоблар олди. Шунингдек, соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди.
Муҳтарама Комилова
Манба: ЎзА