Қашқадарё вилоятида Урбанизацияни жадаллаштириш орқали аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ўсишини таъминлаш имкониятлари
Қашқадарё вилоятида урбанизация даражасини ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида ҳудудда, экспертлар фикрини ҳисобга олиб, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолига қулайлик яратиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60 сон Фармонига мувофиқ, “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни амалга оширишга оид Давлат дастурининг 154 бандида келтирилган Қашқадарё вилоятининг урбанизатсия даражасини 50 фоизга етказиш белгиланган.
Қайд этилган масала бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан халқаро эксперт ва мутахассислар жалб этилган.
Халқаро эксперт ва мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда Қашқадарё вилояти ҳудудида аҳоли пунктлари транспорт инфратузилмасидан узоқроқ масофада жойлашган. Бу эса, Қашқадарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ўсишига, шу жумладан, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтиришга, аҳолининг товар ва хизматларга бўлган эҳтиёжини қисқа муддатда таъминланишига, ижтимоий обектларнинг самарали жойлашувига ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан тўлақонли таъминланишига салбий таъсир кўрсатади.
Иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бири – транспорт инфратузилмасининг мавжудлиги ва ундан самарали фойдаланишдир.
Агломерация ва ички миграция жараёнларини ҳисобга олган ҳолда аҳолиси 1,43 млндан зиёд бўлган шаҳар аҳоли пунктларининг ихчамлигини ва қулай жойлашувини таъминлаш бўйича ишлар олиб бориш режалаштирилган.
Қашқадарё вилояти ҳудудида айрим шаҳарларга чегарадош бўлган бир қатор қишлоқ аҳоли пунктлар мавжуд. Уларда шарт-шароитларни (сув, оқова сув, электр, газ ва ҳ.к.) тўлақонли та’минланиши мазкур ҳудудларнинг агломерациядан келиб чиққан ҳолда шаҳарни кенгайтириш мумкинлиги назарда тутилади.
Шундан келиб чиқиб, Иқтисодий тараққаёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда юқорида келтирилган масалани таъминлаш мақсадида қуйида келтирилган бир қатор ё‘налишларга эътибор қаратилмоқда:
ҳудудда инфратузилмани тўлиқ таъминланишига, келгусида ишлаб чиқаришнинг ташкил этилишига, уй-жой ва ижтимоий обектларнинг (боғча, мактаб, шифохона ва ҳ.к.) барпо этилишига замин яратиш;
шаҳар инфратузилмаси деярли шаклланган бир қатор шаҳарчаларни танлаб, шу ҳудудда инфратузилмани тўлиқ йўлга қўйиш учун тегишли чоралар кўриш ва маблағ ажратиш;
шаҳарга туташ ва унинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасидан фойдаланаётган қишлоқ маҳаллаларни танлаб, асосий эътиборни ушбу қишлоқ маҳаллалари келгусида шаҳар ҳудудига киритиш мақсадида тегишли чораларни кўриш.
Маълумот учун: Бугунги кунда Қашқадарё вилоятининг аҳолиси қарийб 3,4 млн кишини ташкил этади, урбанизация даражаси – 42,8%, яъни шаҳар аҳолиси – 1,46 млн киши бўлса, қишлоқ аҳолиси эса 1,95 млн кишидан иборат.
Қашқадарё ҳудудида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, ижтимоий-иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида Урбанизация даражасини 50 фоизга етказиш ҳамда транспорт инфратузилмасини яхшилаш орқали товар ва хизматларга бўлган эҳтиёж та’минланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги