Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар Халқаро рейтингларда баҳоланмоқда

2022-05-07 | Жамият

Тошкентда анаъанавий Учинчи халқаро рейтинг форуми бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон мавқеининг мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижалари орқали жаҳон рейтингларида акс этиши масаласига бағишланди.

Форум ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистонда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича Республика кенгаши раҳбари Танзила Норбоева, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана, мамлакатимиз молия вазири Темур Ишметов, адлия вазири Русланбек Давлетов, АҚШдаги Пенсильвания давлат университети профессори доктор Темирлан Молдогазиев иштирок этди.

Тадбирни БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска олиб борди.

Таъкидлаш жоиз, 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Тараққиёт стратегияси қабул қилинди ва “Йўл харитаси” белгиланди. Бундан кўзланган мақсад инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлатни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш, халқаро майдонда юртимиз нуфузини янада оширишдан иборат. Айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон пахтасига эълон қилинган 13 йиллик бойкот бекор қилинди. Жамиятда хотин-қизларнинг ўрни мустаҳкамланмоқда. Айни пайт парламентимизда аёллар 32 фоизни ташкил этаётгани ҳам мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш йўлида сезиларли ишлар олиб борилаётганидан далолат.

Аслида, мазкур ислоҳотлар халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллашга қаратилгани йўқ, балки халқимиз ҳаётини яхшилаш, турмуш-фаровонлиги ошириш, ёш авлод учун муносиб ҳаёт шароитини яратиб беришдан иборат. Президентимиз томонидан 2022 йилга“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея ном берилиши ҳам айнан ушбу эзгу мақсад билан боғлиқ.

Шундай бўлса-да, ижтимоий-иқтисодий аҳвол халқаро рейтинг орқали баҳоланиши ҳар қандай давлатнинг халқаро майдондаги нуфузига бевосита таъсир кўрсатади. Инвестиция ҳажми ошиши ёки камайиши айнан халқаро рейтинглардаги мавқега қараб белгиланади. Қолаверса, муайян мамлакат шунга қараб ривожланиш стратегиясини қайта кўриб чиқиши, келгуси режаларини белгилаб бориши ҳам табиий ҳолат. Шу боис Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда халқаро рейтинглардан юқори ўрин олиш учун ҳукумат даражасида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Форум атроф-муҳит муаммолари, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш истиқболи, ижтимоий хабардорлик, ислоҳотлар кун тартибидаги иқтисодий муаммолар, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган сессияларда давом этди. Мутахассислар, иқтисодчилар ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирокида ҳар бир соҳада ҳукумат томонидан илгари сурилаётган ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтилди, дуч келинаётган муаммолар ҳақида сўз юритилди ва мавжуд масалаларни ҳал этиш йўллари таклиф этилди.

Тадбир савол-жавоб, мунозаралар билан кечди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалаларда маърузачиларга саволлар берди.

Экология сессиясида жамият иқтисодий инқироз, уруш ёки бошқа ижтимоий муаммога дуч келганда атроф-муҳит масаласи долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди. Рақамли иқтисодиёт сессиясида муаммо ва имконият ҳақида сўз борди. Рақамлаштириш инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида туб ўзгаришларни таъминлайди, деган фикрга келинди.

Бугунги кунда жамиятимизда юзага келаётган муаммоларни қамраб олган “Ижтимоий хабардорлик орқали янги имкониятлар яратиш” мавзуси анжуман доирасидаги энг мазмунли сессиялардан бири бўлди.

“Ислоҳотлар кун тартибидаги иқтисодий муаммолар” мавзусидаги мунозарада янада яхшироқ сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини, самарали бозор механизмини яратиши учун Ўзбекистон келгусида ҳам изчил саъй-ҳаракатни давом эттириши зарурлиги айтиб ўтилди.

Умуман, мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар сўнгги йилларда ўз натижаларини яққол намоён қилмоқда. Валюта бозорини либераллаштириш, дебют еврооблигациялар чиқариш, давлат активларини хусусийлаштириш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, солиқ ислоҳотини амалга ошириш ва бизнес юритиш учун бир қатор харажатларни камайтириш шулар жумласидан.

Тадбир давомида экспертлар, давлат идоралари вакиллари республикамиз равнақи учун бевосита дахлдорлик туйғусини намоён этдилар.

Бир сўз билан айтганда форум маҳаллий ва хорижий расмийлар иқтисодиёт соҳаси бўйича атрофлича фикр алмашиши учун кенг майдон вазифасини ўтади. Бундан ташқари давлат ва хусусий сектор объектлари, етакчи халқаро ташкилотлар ва илмий муассасаларни синчковлик билан бирлаштириш, мувозанатлаштириш имконини яратди.

Саидмурод РАҲИМОВ

Манба: ЎзА

Поделиться