Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Гонконг коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил комиссияси вакиллари билан ўзаро истиқболли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

2022-05-07 | Сиёсат

БМТ Тараққиёт дастурининг Сингапурдаги Глобал дастури ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси экспертлари кўмагида Агентлик раҳбарияти ҳамда Гонгонг Коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил комиссияси вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил қилинди. 

Учрашувда дастлаб Агентлик директорининг ўринбосари У.Тухташева Агентликнинг фаолият йўналишлари, мақсад-вазифалари ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар борасида атрофлича маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг Коррупцияга қарши кураш бўйича мустақил комиссиянинг Халқаро ҳамкорлик масалалари департаменти директори Лоуренс Чунг Гонконгда коррупцияга қарши курашиш тизими, мамлакатда коррупцияни кенг миқёсда бартараф этиш натижасида амалга оширилган муҳим ислоҳотлар, соҳада давлат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш жараёнлари хусусида тақдимот қилди. 

Маълумот учун: 1970 йиллардан бошлаб, Гонконгда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва натижада коррупциянинг турли кўринишлари кескин камайишига, кучли давлат идоралари ва фаол фуқаролик жамияти институтлари вужудга келишига эришилди. Жумладан, мамлакатнинг Мустақил комиссияси бутун дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашишга ихтисослашган кўплаб органлар учун намуна бўлди. 

Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашишдаги ўрни, давлат хизматчиларини коррупцияга қарши ўқитиш, уларнинг бу борадаги билимларини баҳолаш тизими ва мониторинги каби масалалар ҳам ўзаро мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди. Бундан ташқари, Комиссиянинг ташкилий-ҳуқуқий тузилиши ҳақида батафсил маълумот тақдим этилиб, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, превенция, таълим ва халқаро ҳамкорлик йўналишларида алоҳида департаментлар фаолият олиб бориши ва биргина таълим йўналишида 150 нафар ходим ишлаши таъкидланди.

Учрашувда узоқ муддатли ўзаро ҳамкорликни самарали давом эттиришни таъминлаш мақсадида биргаликда амалга ошириладиган режалар, мақсад ва вазифалар муҳокама этилди. 

Жумладан, вакилларимиз томонидан Агентлик ходимлари учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил комиссиянинг илғор тажрибаси, хусусан, манфаатлар тўқнашуви, давлат хизматида ҳалолликни таъминлаш йўналишларидаги фаолияти юзасидан тренинг ташкил этиш таклифи илгари сурилди.  Шу каби жамоатчилик билан алоқалар тизими, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари бўйича ҳам лойиҳаларни амалга ошириш ҳар томонлама фойдали ва аҳамиятли эканлиги билдирилди.

Ўз навбатида, мазкур таклифлар гонконглик мутахассислар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. 

Мулоқот якунида яқин истиқболда илғор тажриба алмашиш мақсадида аниқ соҳа ва йўналишлар бўйича икки идора вакиллари учун тренинглар ташкил этиш, мазкур амалиётга БМТ ТД экспертларини ҳам жалб этиш юзасидан келишувга эришилди.

Поделиться