7 май – Алоқачилар куни муносабати билан АКТ вазирлиги ҳамда вазирлик тизимида фаолият олиб бораётган фидойи ходимлар тақдирланди
Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологияларига йўналтирилган фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактабда 7 май – Алоқачилар куни муносабати билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда тизимдаги ташкилотлар ходимларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Шунингдек, мазкур тадбирда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, вилоятдаги тизим ташкилот ва корхона вакиллари ҳам қатнашди.
Ушбу тақдирлаш маросимида АКТ соҳасининг юқори даражада юксалиши ҳамда равнақи йўлида фаолият юритаётган, соҳанинг ривожланишига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келаётган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимида фаолият юритаётган компания ва жамиятлар, корхона ва ташкилотлар, шунингдек, соҳадаги хорижий ва хусусий корхоналари раҳбар ходимлари ва мутахассислари Вазирликнинг буйруғи асосида “Фахрий ёрлиқ”, “Моҳир алоқачи” фахрий унвони, “Ўз касбининг устаси” белгиси билан тақдирландилар.
Ҳозирги тезкор ривожланиш даврида, қаерда замонавий ахборот технологиялари ва коммуникациялари ҳаётга изчил татбиқ этилса, ўша жойда ўсиш бўлади. Бу соҳанинг турли фаолиятларга жорий қилиниши иқтисодий ўсиш ва давлатнинг илмий-техник ривожланишида бош омил вазифасини ўтайди.
Рақамли иқтисодиёт ривожланиши учун энг муҳим омиллардан бири телекоммуникация инфратузилмасини барпо этишдир.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган АКТ вазири Ш. Шерматов вазирликда ҳамда ҳудудий бошқармалар, вилоятдаги тизим ташкилот ва корхоналарда фаолият олиб бораётган ходимларни ушбу муборак сана билан қутлаб, уларнинг кейинги ишларида улкан муваффақиятлар тилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги