Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хоразм вилоятида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинмоқда
2022-04-29 | Хавфсизлик соҳаси
Президентимиз ташаббуси билан, меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш, маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини қарор топтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган ижтимоий фаол нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш вазифалар белгиланган эди.
Маҳалла фаоллари сафига нуроний ва меҳнат фахрийлари бириктирилиши натижасида низоли оилалар ва ажримлар сони камайишига эришилмоқда.
Республика ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганишлари жараёнида нуроний ва меҳнат фахрийларининг катта ҳаётий тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, уларни жамиятдаги фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Ишчи гуруҳ масъуллари ўрганиш ишларининг иккинчи кунини Хазорасп тумани “Шовот” маҳалласи нуронийлари билан учрашишдан бошлади. Нуроний отахон ва онахонлар қўлларини дуога очиб, юртимиз тинчлиги бунданда мустаҳкам, Президентимизнинг халқ фаровонлиги йўлида олиб бораётган сиёсатлари бардавом бўлишини яратган сўрадилар. Нуронийлар билан дилдан суҳбат қурилиб, уларга эсдалик совғалар улашилди.
Сектор раҳбарлари ҳамда мазкур маҳаллада фаолият олиб бораётган профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, оқсоқоллар ва ҳоким ёрдамчиларининг жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлашдаги ўзаро ҳамкорлиги ва аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этиш бўйича амалиёти ўрганилди.
Жумладан, аввал “Аёллар дафтарига” киритилган Л.Матякубованинг хонадонида сектор раҳбари ташаббуси билан 33 миллион сўм имтиёзли банк кредити асосида 4 сотих ташландиқ ер майдонида ташкил этилган гулчиликка ихтисослашган иссиқхона фаолияти билан танишилди.
Шундан сўнг Хазорасп тумани “Боғдор” МФЙ да жойлашган 5-сон ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти билан яқиндан танишилди. Масканда ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва жамоатчилик вакилларининг ҳамкорликдаги фаолияти ва яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги 3 та улгуржи бозорларга ўрнатилган шахсни юзидан таниб олувчи 122 та “smart” видеокамералари интеграция қилган “Вазиятлар маркази”нинг ишлаш жараёни таништирилди.
Ишчи гуруҳ масъуллари томонидан, сектор раҳбарларига аҳоли муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, маҳалла ҳудудида сайёр қабуллар ташкил этиш ҳақида кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Кейинги манзил Боғот туманидаги “Қалъажиқ қалъа” маҳалласи бўлди. Ушбу маҳаллада нуронийлар ва меҳнат фахрийлари билан учрашиб, уларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан нуронийларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Дилдан қурилган суҳбат жараёнида фахрий ўқитувчилар Ўдаков Нурулло ва Раззақов Шокир домлалар яратилаётган шароитлар, берилаётган имкониятлар учун Президентимизга маҳалла аҳли номидан миннатдорчилик билдирдилар. Сектор раҳбарлари билан эса, аҳоли муаммолари билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Мазкур маҳалладаги “Қалъажиқ қалъа” туризм масканида ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар, туристлар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи ўрганилди.
Ушбу ўрганишлар билан бир қаторда тезкор-профилактик тадбирлар ҳам давом эттирилмоқда. Тадбирларнинг икки куни давомида 15 та жиноий, 45 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди, 7 нафар қидирувдаги шахслар ушланди.
Кундузги ва тунги “авторейд” тадбирларида 870 нафар қоидабузар ҳайдовчилар маъмурий жавобгарликка тортилиб, Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Республика ишчи гуруҳи вилоятдаги ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги