Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Венгрия, Қирғизистон ва Тожикистон билан инвестициявий ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўриб чиқилди
2022-04-29 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 28 апрель куни видеоконференция тарзида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида Ўзбекистоннинг Венгрия, Қирғизистон ва Тожикистон билан инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлиги масалалари ва уни фаоллаштиришнинг амалий чораларини муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарлари, Ўзбекистоннинг Венгрия, Қирғизистон ва Тожикистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, юқоридаги мамлакатлардаги тадбиркорлар билан бевосита ҳамкорлик қилаётган ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
2021 йилда Венгрия, Қирғиз Республикаси ва Тожикистон Республикаси билан ўтказилган юқори даражадаги тадбирлар юксак амалий аҳамият ва самарадорликка эга бўлиб, улар якунида тегишли “Йўл хариталари” қабул қилингани таъкидланди. Йиғилиш давомида амалдаги келишувларнинг бажарилиши атрофлича кўриб чиқилди ҳамда юзага келган масалалар таҳлил қилиниб уларни тезкор ҳал қилиш йўллари ишлаб чиқилди ва тегишли кўрсатмалар берилди.
Хусусан, ушбу давлатлар билан тузилган икки томонлама шартномаларни инвентаризация қилиш, муаммоли масалалар устида иш олиб бориш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан қўшимча музокаралар ташкил этиш, шунингдек тасдиқланган инвестициявий лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ва уларнинг ташаббускорларига амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси қўйилди.
Тармоқ бирлашмалари раҳбарлари томонидан инвестициявий ва савдо ҳамкорлигини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек, келгусидаги режалари тўғрисида ҳисоботлар тақдим қилинди. Юқорида қайд этилган мамлакатлар билан иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш мақсадида мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига қисқа муддатда янги истиқболли инвестициявий лойиҳалар ва савдо битимларининг рўйхатларини тақдим этиш, шунингдек, келишувларга эришиш учун хорижий ҳамкорлар билан музокараларни фаоллаштириш топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги