Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркманистон саноат кооперациясини кенгайтиришнинг янги йўлларини кўриб чиқмоқда
2022-04-27 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркманистон саноат ва қурилиш ишлаб чиқариш вазири Б.Аннамамедовни қабул қилди.
Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий шериклик кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсаётганини таъкидлаб, уларни янада ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш юзасидан якдил фикр билдирдилар.
Сўнгги 4 йил ичида ўзбек - туркман товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар ошгани, 2021 йилда эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 65 фоизни ташкил этгани қайд этилди. 2021 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган олий даражадаги тадбирлар якунлари бўйича имзоланган бир қатор савдо шартномалари бугунги кунда ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Икки мамлакат ҳудудларида жойлашган ишлаб чиқариш объектларини жалб қилиб саноат кооперациясини фаоллаштириш ва тўлиқ қўшилган қиймат занжирларини яратиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиётларининг рақобатбардош устунликлари асосида ажратиб олинган янги истиқболли йўналишларда саноат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш механизмлари кўриб чиқилди. Томонлар саноат кооперациясининг янги лойиҳаларини ва савдо шартномаларини ишлаб чиқиш мақсадида икки мамлакат ҳудудлари маъмуриятларининг фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтиришга келишиб олдилар.
Озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида тажриба алмашиш учун Ўзбекистон ва Туркманистон вазирлик ва идоралари делегацияларининг ташрифларини ташкил қилишга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Учрашув якунида икки томонлама муносабатларнинг барча соҳаларида конструктив ҳамкорликни давом эттириш ҳамда юзага келаётган масалалар устида ишлаш ва уларни биргаликда ҳал қилиб бориш юзасидан келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги