Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Университет нуфузли халқаро рейтингларда иштирок этади
2022-04-25 | Таълим
Олий таълим тизимида университетлар сифатини ошириш, халқаро майдонда рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, жаҳоннинг топ университетлари халқаро рейтинги қаторидан муносиб ўрин эгаллаши сўзсиз халқаро рейтинглардаги фаол иштирок билан бевосита боғлиқ.
Ҳозирги кунда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳам жаҳондаги йирик халқаро рейтинг агентликлари, хусусан, QS (Quacquarelli Symonds) ва THE (The Times Higher Education) билан тўғридан-тўғри, мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйди ва илк бор унирверситет бўйича Times Higher Education Impact Ranking, Times Higher Education World university Ranking, QS World University Ranking йўналишларида қатнашиш учун маълумотлар тақдим қилди.
Университетда сифатли таълимни йўлга қўйиш, гендер тенглигини таъминлаш, муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсишни йўлга қўйиш, тенгсизликларни қисқартириш, тинчлик, адолат ва самарали бошқарувни амалга ошириш, барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик ишлари муносиб йўлга қўйилган. Шу туфайли Times Higher Education Impact Rankingнинг ушбу йўналишларидаги рейтингида қатнашмоқда.
ТДШУ филология ва тилларни ўқитиш, ижтимоий ва гуманитар фанлар, хорижий мамлакатлар иқтисодиёти каби фан йўналишларига чуқур ихтисослашганлиги учун QS World University Rankings ҳамда Times Higher Education World university Rankingнинг “Arts and Humanities”, “Social Sciences” ва “Business and Economics” йўналишлари бўйича рейтингда иштирокини йўлга қўйди.
ТДШУнинг ушбу рейтинглардаги мустаҳкам ўринларини белгилаш, халқаро ҳамкорликдаги мавқеини ошириш мақсадида 2022 йил 21 апрель куни Миллий тадқиқот университети Иқтисодиёт олий мактабининг Санкт-Петербургдаги филиали директори Анна Тышетская бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Делегация билан бўлган учрашув давомида ТДШУ ва Миллий тадқиқот университети Иқтисодиёт олий мактабининг Санкт-Петербургдаги филиали ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Учрашув сўнгида ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгиланди ҳамда Англашув меморандумини имзолашга келишиб олинди.
Иқтисодиёт олий мактаби (Higher school of economics, Высшая школа экономики) Россия таълими соҳасида етакчи ва Шарқий Европа ва Евроосиёдаги нуфузли иқтисодиёт ва ижтимоий фанлар университетларидан бири ҳисобланади. Йигирма йил давомида юқори суръатларда таниқли тадқиқот университетига айланган Иқтисодиёт олий мактаби университети халқаро миқёсда мавжудлиги ва ҳамкорлик алоқалари юқори даражада йўлга қўйилгани билан ажралиб туради.
Иқтисодиёт олий мактаби халқаро даражадаги рейтингга эга тадқиқот университети бўлиб, ўз миссиясини халқаро академик стандартларга асосланган илмий-тадқиқот, лойиҳа, эксперт ва ижтимоий-маданий фаолиятлар орқали амалга оширади.
Университет жаҳондаги барча халқаро рейтингларда энг юқори ўринларда туради, хусусан, QS World University Rankings халқаро рейтингида – Фанлар йўналиши бўйича Жаҳон университетлар рейтингида сиёсат ва халқаро тадқиқотлар, социология, тарих, иқтисодиёт ва эконометрика бўйича дунёдаги энг яхши 100 талик университетлар қаторига киради.
Университет таълим тизимида икки ва кўп томонлама лойиҳалар бўйича дунё бўйлаб 400 дан ортиқ университетлар билан ҳамкорлик қилади. Санкт-Петербург университети дунёдаги энг яхши 10 фоиз иқтисодий институтлардан бири бўлиб, Россиядаги энг яхши 3 та иқтисодий институтлар қаторига киради.
Университетда 20 тадқиқот маркази ва лабораториялари, жумладан, дунёга машҳур тадқиқотчилар бошчилигидаги 5 та халқаро флагман тадқиқот марказлари, шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва талабалар биргаликда илмий лойиҳаларни амалга оширадиган 11та мустақил тадқиқот гуруҳлари мавжуд.
Манба: ЎзА