Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чарм-пойабзал ва мўйначилик саноати бўйича Беларусь билан ҳамкорлик ривожлантирилади
2022-04-25 | Иқтисодиёт
«Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳамда Беларусь енгил саноат корхоналари ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатида ўзаро тажриба алмашишини назарда тутади.
Мазкур ташкилотнинг асосий мақсади бозор иштирокчилари ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини ўташ, ягона нуқтаи назарни шакллантириб, ташаббусларни илгари суришдир. Шунингдек, енгил саноат соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириб бориш уюшманинг вазифаларидан бири саналади.
Беларусь енгил саноат корхоналари ассоциацияси раиси Николай Мартынов Ўзбекистонга ташрифи чоғида «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси Ф.Бобоев билан мулоқот ўтказди. Суҳбат чоғида меҳмон Беларус уюшмаси олдига қўйилган вазифаларни бажаришга оид масалаларда Ўзбекистон томонининг катта тажрибасидан фойдаланиш, айни йўналишда мамлакатимизда олиб борилган ишларни Беларусда ҳам қўллаш мумкинлигини қайд этди.
Мулоқот сўнгида икки томонлама алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат билан томонлар биргаликда янги инновацион ишланмалар асосидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширади. Тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашда бир-бирига кўмаклашади. Бу йўналишда тўпланган тажриба ўртоқлашилади.
Шунингдек, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирларни ташкил этиш, саноат кооперациясини ўрнатишга келишиб олинди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»