Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Япония: узоқ муддатли ҳамкорлик стратегияси
2022-04-25 | Иқтисодиёт
Кумамото шаҳрида бўлиб ўтаётган 4-Осиё-Тинч океани сув саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Япония Бош вазири Фумио Кишида билан кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва узоқ муддатли истиқболда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ривожланиш динамикасига, шунингдек, Япония компанияларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганига юқори баҳо берилди.
Томонлар Япония корпорациялари ва молия ташкилотларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ижросига қисқача тўхталиб, уларнинг кўлами ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун аҳамиятини таъкидладилар.
Келишилган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш, ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантиришнинг кейинги йўналишлари белгилаб олинди.
Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш ва бу борада мувозанатни таъминлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик механизмлари алоҳида кўриб чиқилди.
Учрашув якунида амалдаги келишувларни ўз вақтида ҳаётга жорий қилиш, шунингдек, ҳамкорликнинг янги ўсиш нуқталарини кашф этиш бўйича биргаликда иш олиб боришга ўзаро содиқлик билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги