Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қашқадарёдаги долзарб масалалар ва уларни ҳал этиш йўллари кўрсатиб ўтилди
2022-04-22 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди.
Сўнгги йилларда вилоятда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили 25 декабрда Ғузор туманида синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган “Uzbekistan GTL” заводи ишга туширилди. Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси қурилиши бошланди.
Давлат дастурларига кўра, жорий йилда Қашқадарёга 1,5 триллион сўмдан зиёд маблағлар ажратилиб, жами 2 минг 800 километр муҳандислик-коммуникация тармоқлари, 160 та ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Президент сессиядаги нутқида бундан кейинги вазифаларга, ечимини кутаётган муаммоларга кўпроқ тўхталди.
Мисол учун, вилоят аҳолисининг атиги 43 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланган. Айниқса, Косон, Деҳқонобод, Ғузор, Қамаши туманларида сув таъминоти жуда паст. Газ, электр, ички йўллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-кредит соҳаларида ҳам муаммолар бор.
Вилоятда 108 та тиббиёт муассасаси, 172 та мактаб, 144 та болалар боғчаси таъмирталаб аҳволда. Кўплаб боғча ва мактабларда иситиш тизими ишдан чиққан. 19 та мактабда қатнов коэффициенти юқори бўлиб, ўқувчи ўринлари етишмайди.
Шу боис, жорий йилда Қашқадарёда ижтимоий соҳа ва инфратузилмани яхшилаш учун республика бюджетидан қўшимча 360 миллиард сўм ажратилиши таъкидланди. Шунингдек, халқаро молия институтлари маблағларидан 100 миллион доллар имтиёзли маблағлар йўналтирилади.
Бугунги кунда 350 минг одам ишга муҳтожлиги, янги маҳаллабай тизим асосида уларни тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначиликка жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.
Вилоят улкан саноат салоҳиятига эга бўлса-да, ялпи ҳудудий маҳсулотда саноат улуши атиги 18 фоиз экани кўрсатиб ўтилди.
Шунинг учун 2022-2023 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 14,7 триллион сўм бўлган 270 та саноат лойиҳалари дастури шакллантирилгани маълум қилинди.
Таллимаржон иссиқлик электр станцияси қувватини кенгайтириш, Ғузорда қуёш электр станцияси барпо этиш, Деҳқонобод ва Қамашида қурилиш материаллари кластерини ишга тушириш, Китоб туманида цемент заводи ташкил қилиш каби йирик лойиҳалар бошланган.
Куни кеча имзоланган Президент қарорида Қашқадарёдаги тадбиркорлар лойиҳаларини молиялаштиришга 45 миллион доллар йўналтирилиши белгиланган.
Қишлоқ хўжалигида 7,4 триллион сўмлик 524 та лойиҳани амалга ошириб, 286 мингта иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Жумладан, 40 минг гектардан ортиқ ерлар қайта фойдаланишга киритилади. 20 минг гектарда анорзорлар барпо қилинади. Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларини сув билан таъминлаш учун “Аёқчисой” сел сув омбори қурилади. Томорқада мева-сабзавот етиштириш, чорвачилик ва ковракчилик қўллаб-қувватланади.
Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда Қашқадарёда 5 минг хонадонли 143 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилади.
1 минг 823 километр ичимлик суви тармоқлари ҳамда 1 минг 570 километр ички йўллар қурилади, 9 мингдан зиёд аҳолининг газ таъминоти қайта тикланади.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бу йил 30 та маскан қиёфаси яхшиланади.
Мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар, тиббиёт пунктлари қуриш, ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти