2022 йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов Финляндия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Хелсинки шаҳрида жойлашган) этиб тайинланган Илкка Ряйсяненни қабул қилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўринбосари ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, Элчини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унга муваффақиятлар тилади.
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш, жумладан, ўзаро савдо миссияларини ташкил этиш, қўшма инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги билдирилди. Ўзбекистонда Финляндия олий ўқув юртларининг филиалларини очиш, “икки томонлама диплом” бериш дастурларини жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Турли даражаларда бўлиб ўтадиган қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги