Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қонунчилик палатасининг биринчи чоракдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

2022-04-19 | Жамият

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг 18 апрель куни ўтказилган йиғилишида бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи чорагидаги фаолияти якунлари тўғрисида ахборот атрофлича таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги иши парламент фаолиятини тартибга солувчи Конституциявий қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор дастурий маърузалари, фармонлари ва қарорлари, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ҳамда Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолиятининг асосий йўналишлари асосида ташкил этилди.

Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасининг фаолияти мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан янада ривожлантириш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти такомиллаштирилди. Хусусан, палатага киритилган қонун лойиҳаларини кўпроқ қўмиталар ва сиёсий партиялар фракцияларида муҳокама қилиш амалиёти жорий этилди. Ушбу амалиёт қонун лойиҳаларини тегишли эксперт ва мутахассислар иштирокида ҳар томонлама кўриб чиққан ҳолда маромига етказишга ҳамда ялпи мажлисдаги муҳокамалар чоғида депутатларнинг баҳс-мунозараларининг камайишига шароит яратмоқда.

Ҳисобот даврида давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга, халқимиз фаровонлигини оширишга, аҳолига енгилликлар яратишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган, бутун бир соҳани тартибга солувчи ҳажман йирик бир қатор яхлит қонунлар қабул қилинди. Масалан, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Давлат қарзи тўғрисида”ги, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Қонунчилик палатасининг парламент назоратини амалга оширишга қаратилган фаолияти сезиларли даражада жонланди. Палата мажлисларида Ҳукумат аъзолари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳам ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Хусусан, Ҳукумат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан жами 8 маротаба ахбороти (“парламент эшитуви”) эшитилди, 2 маротаба “ҳукумат соати” ўтказилди. Қонунчилик палатасининг қонунлар билан белгиланган ваколатлари доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2021 йилги ҳисоботи ҳамда 5 та сиёсий партиянинг 2021 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 1 та парламент сўрови, 86 та депутат сўрови юборилди.

Бош вазир томонидан ҳукумат аъзолигига таклиф этилган 4 нафар номзод Қонунчилик палатасининг мажлисларида кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Шунингдек, депутатларнинг ўз сайловчилари билан алоқалари кучайди, тўғридан-тўғри мулоқотлари янгича мазмун-моҳият билан бойиди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими такомиллаштирилди.

Қуйи палатанинг халқаро ҳамкорлик алоқалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда изчил давом эттирилди. Хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва самарали ҳамкорлик кўламини янада оширишга эътибор кучайтирилди.

Ўтган даврда Қонунчилик палатасида 9 та чет эл делегацияси қабул қилинди. Парламентлараро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида депутатлар корпусининг 12 нафар вакили учун Бельгия, Қозоғистон, БАА, Швейцария каби давлатларга 5 марта чет эл хизмат сафари амалга оширилди.

Парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Қонунчилик палатасининг Таиланд Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи тузилди. Шу тариқа, ҳозирги кунда Олий Мажлисда жами 53 та хорижий давлат парламенти ҳамда Европа Иттифоқи парламенти билан парламентлараро гуруҳлар фаолият юритмоқда.

Ўтган даврда Туркия, Россия, Хитой, Исроил, Япония, Германия парламентлари ҳамда Европа Иттифоқи билан парламентлараро гуруҳларнинг жами 7 та йиғилиши ўтказилиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди. Ўтган даврда Қонунчилик палатасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида ҳам муайян ишлар қилинди. Жумладан, келиб тушган жами 2 937 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир асослантирилган таклифлар баён этилган 151 та мурожаат масъул қўмиталар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, улардан 20 тага яқини қонун ижодкорлиги жараёнида инобатга олинди.

Кўриб чиқилаётган даврда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида қуйи палатада қарор топган янги амалиётга мувофиқ, 4 та қўмита томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келаётган мурожаатларда кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётганлиги бўйича давлат органлари раҳбарларининг 4 маротаба ҳисоботи эшитилди.

Ўтган давр мобайнида Қонунчилик палатасининг фаолияти оммавий ахборот воситаларида жами 5 757 марта ёритилди. Шу жумладан, телевидение орқали 861 марта, радио орқали 876 марта, босма нашрларда 819 марта, интернетда 929 марта, палата расмий веб-сайтида 881 марта, ижтимоий тармоқларда 1 391 марта чиқиш қилинди.

Йиғилишда алоҳида қайд этилганидек, Қонунчилик палатасининг жорий йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан янада тараққий эттириш, ривожланган демократик давлат қуриш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг кафолатларини таъминлашга йўналтирилди. Бу эса, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Кенгаш аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи чорагидаги фаолияти якунлари тўғрисида ахборот ҳар томонлама кўриб чиқилгач, маълумот учун қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться