Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг вилоят аҳолисига мурожаати
2022-04-19 | Иқтисодиёт
Азиз бухороликлар!
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонларидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга ҳамда уларнинг нархларини барқарор бўлишига замин яратмоқда.
Вилоятимизда 2022 йил мавсуми учун бу борада бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишни белгилаб олганмиз.
Жумладан, вилоятда жорий йилда қуйидагилар ҳисобидан халқимиз дастурхонига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавотлар етказиб берилади ва уларнинг нарх-наволари барқарорлиги таъминланади:
Хусусан, пахта ва ғалла экин ерларидан қисқартирилган қарийб 6 минг гектар ер майдони фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача сабзавот экинлари етиштириш учун ажратиб берилди ва бу ерларда деҳқончилик ишлари бошланди.
Бундан ташқари, вилоятимизда 401 мингта аҳоли хонадонлари ихтиёридаги 43 минг гектар томорқа ерларида сабзавот, полиз ва чорва моллари учун озуқа экинларини экиш ишлари якунланмоқда.
Аҳоли томорқа майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида бир йилда камида икки марта ҳосил олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, оборотга киритилган ва янги очилган 20 минг гектар ерда ҳамда жорий йилги ғалла ва эртанги экинлардан бўшайдиган 57 минг гектар ерда такрорий экинлар экилади.
Қишлоқ хўжалигида юқоридаги ишларнинг амалга оширилиши натижасида 2022 йилда 464 минг тонна ғалла, 828 минг тонна сабзавот, 208 минг тонна картошка, 189 минг тонна полиз, 265 минг тонна мева ва резаворлар, 208 минг тонна узум, 71 минг тонна дуккакли дон, 28 минг тонна мойли экинлар, 6 минг тонна гуруч, 291 минг тонна мол ва қўй гўшти, 38 минг тонна парранда гўшти, 1 млн. 81 минг тонна сут, 650 минг дона тухум, 45 минг тонна балиқ маҳсулотлари, 2 минг тонна асал ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Бу албатта, 2 миллионга яқин Бухоро вилояти аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришга хизмат қилади ҳамда бозорларимизда нарх-навонинг барқарор бўлишини кафолатлайди, бу борадаги ҳар қандай хавотирларга ўрин қолдирмайди.
Азиз бухороликлар, фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари!
Олтинга тенг она заминимизнинг бир қаричини ҳам бўш қолдирмасдан, бугунги айни экин-тикин мавсумида фурсатни қўлдан бой бермай меҳнат қилишимиз ва дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашимиз лозим.
Шу ўринда деҳқончилик, ўзгаларга ризқ улашиш саодати динимизда ҳам улуғланганлигини таъкидлаш жоиз. Муборак ҳадисларимиздан бирида Пайғамбаримизнинг “Мусулмон киши кўчат экса, кейин бирор жонзот ундан еса, бунинг учун эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади”, деган сўзлари ривоят қилинади. Яна бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз деҳқон қўлларини “жаннатий қўллар” деб атаганликлари келтирилади.
Биз деҳқонларимизнинг ана шундай савобли ва заҳматли меҳнатларини қадрлаймиз. Бу борада уларларга нимаики ёрдам керак бўлса, барчасини муҳайё этамиз.
Бу жараёнда кўпни кўрган нуронийларимиз, тажрибали деҳқонларимиз, агрономларимиз, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчиликнинг маслаҳатлари ва тажрибаларидан самарали фойдаланишимиз зарур.
Шундай экан мамлакатимиз, жумладан вилоятимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлаш учун барчангизни сидқидилдан фидокорона меҳнат қилишга чақираман.
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги