Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

2022-04-18 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, хусусан кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган болаларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва тизимлилигини таъминлаш, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш, уларнинг жамиятга мослашувига кўмаклашиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:

1. Ички ишлар вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни Ички ишлар вазирлигига бириктириш ҳамда уларни “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари (кейинги ўринларда – “Нурли маскан” мактаблари) деб номлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, Ички ишлар вазирлиги “Нурли маскан” мактабларига масъулларни бириктирган ҳолда:

сифатли таълим ва тарбия беришга, уларнинг маиший шароитларини яхшилашга, шунингдек, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга;

ўқувчиларнинг жисмоний имкониятидан келиб чиққан ҳолда, уларни соғлом, маънан етук инсон қилиб тарбиялашга ҳамда дунёқарашини шакллантириш, спорт турларига қизиқтириш ва жалб этишга;

ўқувчиларнинг ватанпарварлик туйғуларини шакллантирувчи маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишга доимий равишда кўмаклашади.

2. “Нурли маскан” мактаблари ўқувчилари хавфсизлигини таъминлаш, уларни соғломлаштириш ва реабилитация қилиш тадбирларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида:

а) Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда бошқа тиббий муассасаларнинг малакали шифокорларини жалб этган ҳолда, “Нурли маскан” мактаблари ўқувчиларини даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Бунда, “Нурли маскан” мактаблари ўқувчиларини даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш тадбирлари учун харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) билан биргаликда бир ой муддатда “Нурли маскан” мактаблари ўқувчилари учун патронаж тизимини жорий этиш ҳамда даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш тадбирларини амалга оширишни ўз ичига олувчи чора-тадбирлар тасдиқланишини таъминласин;

б) ўқувчиларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳамда улар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактика ишларини тизимли йўлга қўйиш доирасида барча “Нурли маскан” мактаблари ҳудудига видеокузатув мосламалари ўрнатилиши таъминлансин ва улар тегишли ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилинсин.

Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) уч ой муддатда вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур вазифани амалга ошириш бўйича манзилли чораларни белгилаб, ишларни якунига етказсин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

а) “Нурли маскан” мактабларининг Брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар, турли ихтисослик ва йўналишлардаги босма ва аудиокитобларга бўлган эҳтиёжи ҳар олти ойда ўрганилади ва шу асосда адабиётлар рўйхати шакллантириб борилади.

Бунда, шакллантирилган рўйхат асосида давлат буюртмасини эълон қилиш, адабиётларни ушбу йўналишдаги ихтисослашган, етарли моддий-техник базага ҳамда тажрибага эга бўлган матбаа корхоналарида нашр этиш ҳамда “Нурли маскан” мактаблари эҳтиёжидан келиб чиқиб, тақсимот асосида тарқатиш амалиёти йўлга қўйилади;

б) кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун белгиланган вилоят ва республика фан олимпиадалари битирувчи синфлар ўқувчилари учун алоҳида ташкил этилади;

в) “Нурли маскан” мактаблари ўқувчилари учун ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.

Бунда, “Нурли маскан” мактаблари битирувчиларини қисқа муддатли ўқув курслари орқали касб-ҳунарга ўқитиш учун нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида грант эълон қилинади ва ўқиш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади;

г) олий таълим муассасаларининг тегишли ихтисослик ва йўналишлари бўйича Брайль алифбоси асосидаги адабиётларни чоп этиш тизими йўлга қўйилади;

д) кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар чоп этувчи нашриёт-матбаа корхоналари билан декларация қилинган нархлар асосида белгиланган тартибда шартномалар тузишга рухсат берилади.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун ўқув ва бадиий адабиётлар чоп этиш соҳасига хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилиш, уларга тегишли имтиёзлар бериш орқали мазкур йўналишни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

4. Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Бобоев), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар “Нурли маскан” мактабларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш 2023 -2025 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритсин.

Белгилансинки:

а) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) томонидан Самарқанд шаҳридаги 59-сонли ва 60-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар мактаб-интернатларида 2022 йилда қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун бир ой муддатда тегишли маблағлар ажратилади;

б) 2022 йил сентябрдан бошлаб “Нурли маскан” мактаблари ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда битирувчиларининг касб эгаллашини таъминлаш мақсадида муассасаларда ўғил ва қиз болалар учун алоҳида замонавий жиҳозланган ижтимоий ва маиший йўналишдаги мажмуа (ўқув устахона)лар ташкил этилади;

в) “Нурли маскан” мактаблари 2022/2023 ўқув йилига қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кўзи ожизлар учун мослаштирилган махсус компьютер техника воситалари билан тўлиқ жиҳозланади.

Халқ таълими вазири Б.Саидов ва ички ишлар вазири П.Бобожонов мазкур бандда белгиланган вазифаларни самарали ва тўлақонли амалиётга татбиқ этиш бўйича шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.

5. Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) билан биргаликда уч ой муддатда “Нурли маскан” мактаблари объектларини лойиҳалаш ва қуришга доир илғор хорижий стандартлар ва меъёрларни ўрганиб чиқиб, уларни қўллаш бўйича техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритсин.

6. Қуйидагилар:

а) Ёшлар ишлари агентлиги икки ой муддатда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари томонидан таълимга жалб этилмаган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар рўйхатларини маҳаллалар кесимида шакллантирсин ва уларнинг Халқ таълими вазирлигига тақдим этилишини таъминласин;

б) Халқ таълими вазирлиги уч ой муддатда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхатлар асосида:

кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни тўлиқ таълимга жалб этиш чораларини кўрсин;

кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни таълимга жалб этишда алоҳида ёндашув-методикалари асосида уй шароитида таҳсил олувчиларни махсус адабиётлар билан таъминласин.

7. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг инклюзив таълим олиши учун зарур шароитлар яратиш чораларини кўрсин. Бунда:

уч ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.Инаков) билан биргаликда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларига юбориш имконини берувчи тиббий кўрсатмалар рўйхатини қайта кўриб чиқсин;

2022 йил якунига қадар инклюзив таълим тизими жорий қилинган таълим муассасаларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун зарур шарт-шароитларни яратсин, шу жумладан, уларни рельеф йўлакчалар, Брайль алифбоси асосидаги адабиётлар ҳамда махсус эшитиш мосламалари билан таъминласин;

ҳар йили камида икки маротаба инклюзив таълим тизими жорий қилинган таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари учун кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга таълим бериш бўйича малака ошириш курсларини ташкил этсин;

инклюзив таълим тизими жорий қилинган таълим муассасаларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг яқин қариндошларига улар билан бирга дарсларда қатнашиш имкониятларини яратсин.

8. 2022 йил 1 июнга қадар Андижон вилоятининг 16-сонли “Нурли маскан” мактабининг бўш турган биносида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи шахсларнинг меҳнат қилиши учун тажриба-синов тариқасида махсус ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилсин.

Андижон вилояти ҳокимлиги (Ш.Абдураҳмонов) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) ҳамда Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) билан биргаликда:

бир ой муддатда “Нурли маскан” мактабининг ўқувчилари учун ўқув-ишлаб чиқариш корхонасининг ишлаб чиқариш йўналишидан келиб чиқиб махсус амалий-ўқув дарсларини ташкил қилсин;

икки ой муддатда ўқув-ишлаб чиқариш корхонасини зарур ускуналар, махсус жиҳозлар, иш қуроллари ва анжомлар билан таъминласин ҳамда ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларни реализация қилишда амалий ёрдам кўрсатсин.

9. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов):

а) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2023 йил 1 январга қадар Андижон вилоятининг “Нурли маскан” мактабидаги ўқув-ишлаб чиқариш корхонасининг натижаларидан келиб чиқиб, республиканинг бошқа мактаб-интернатларида мазкур тажрибани жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти (Э.Нарпулатов) ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда 2023 йил 1 февралга қадар жойларда ташкил этилаётган ўқув устахоналарининг йўналиш ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, касбга йўналтирувчи махсус ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқсин;

в) 2022/2023 ўқув йилига қадар “Нурли маскан” мактаблари ўқувчиларининг эҳтиёжи ва имкониятидан келиб чиқиб, уларда “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари фаолиятини йўлга қўйсин;

г) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда 2022 йил якунига қадар “Нурли маскан” мактаблари учун ўзбек нутқ синтезатори ва бошқа семантик-эшитиш воситалари билан ҳамоҳанг равишда миллий дизайндаги махсус компьютер дастурларини яратсин ва ўқув жараёнига татбиқ қилсин.

Бунда, миллий дизайндаги махсус компьютер дастурларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Халқ таълими соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;

д) Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.Инаков) билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилига қадар 1-синф ўқувчиларига белгиланган тартибда ажратиладиган “Президент совғаси” таркибига кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун махсус ўқув қуроллари ва тўпламлар рўйхатини шакллантирсин ва тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) билан биргаликда:

бир ой муддатда “Нурли маскан” мактабларининг паралимпия спорт турлари билан шуғулланишда зарур бўладиган спорт асбоб-ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарларга бўлган эҳтиёжини аниқласин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда чет эл тажрибаси асосида тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан “Нурли маскан” мактабларининг спорт зали ва спорт майдонларини халқаро меъёрлар асосида жиҳозласин ҳамда зарур махсус спорт инвентарлари билан таъминласин;

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар ҳамда таянч ҳаракат аъзолари шикастланган болаларнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда паралимпия спорт турлари (дзюдо, футбол, енгил атлетика) билан мукаммал шуғулланиши учун спорт гуруҳларини ташкил қилсин ва ушбу мактабларга ўқувчиларнинг спорт турларига қизиқишидан келиб чиқиб, малакали тренерлар жалб қилинишини таъминласин.

11. Маданият вазирлиги (О.Назарбеков) Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда “Нурли маскан” мактабларида санъат (мусиқа) йўналишини ривожлантириш, ўқувчиларнинг санъат йўналишидаги иқтидорларини рўёбга чиқариш мақсадида уларни ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактабларига бириктирсин.

Белгилансинки, болаларнинг санъат ва мусиқага қизиқишини ошириш мақсадида “Нурли маскан” мактабларида “Доирачилар”, “Дуторчи қизлар”, “Фольклор” гуруҳлари ташкил қилинади.

12. Халқ таълими вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2022 йилда Самарқанд шаҳридаги 59- ва 60-сон “Нурли маскан” мактаблари ҳудудида ушбу муассасаларнинг чекланган штат бирликлари доирасида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида махсус ўқув дастурлари асосида бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 октябрдан бошлаб “Нурли маскан” мактаблари негизида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрловчи бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳлари фаолиятини ташкил қилсин.

Мактабгача таълим вазирлиги (А.Шин) 2022 йил 1 октябрга қадар халқаро тажрибани кенг ўрганган ҳолда, мактабгача ёшда бўлган кўзи ожиз болаларни ўқитиш методикасини ишлаб чиқсин ва ўқув дастурлари “Нурли маскан” мактабларига етказилишини таъминласин.

13. Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2022/2023 ўқув йилига қадар “Нурли маскан” мактабларини Брайль алифбосидаги тарқатма материаллар ва ўқув қўлланмалари босиб чиқариш учун рельеф-нуқтали Брайль принтер, портатив тактилли Брайль дисплейи, моноблок, қоғоз кесувчи ва ламинатор ускунаси каби кичик босмахона учун зарур ускуналар билан таъминласин;

2022 йил якунига қадар “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Нурли маскан” мактаблари ҳудудида “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдонча”лари ташкил этсин ҳамда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгиларини ўрнатиш чораларини кўрсин.

14. “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг шарт-шароитларини босқичма-босқич яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларни сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан масъул раҳбарларга шахсий жавобгарлик юкланади.

15. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Ички ишлар вазирлиги (Б.Бобожонов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб халқ таълими вазири Б.О.Саидов, ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                                                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 18 апрель

Манба: ЎзА

Поделиться