Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нодавлат таълим ташкилортларида таълим-тарбия сифати ошириш бўйича семинар ташкил этилди
2022-04-18 | Таълим
Жорий йилнинг 18 апрель куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Нодавлат таълим ташкилортларида таълим-тарбия сифати ошириш, бу борада амалга оширилаётган ишларга бағишланган семинар ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда сифат ва самарадорлик кўрсаткичларини ошириш ҳамда Таълим инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ўзаро фикр алмашишдан иборат.
Тадбир давомида Таълим инспекцияси томонидан 2022 йил январь-март ойларида республикамиздаги нодавлат таълим ташкилотларида ўтказилган ўрганиш натижалари, махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича атрофлича маълумот бериб ўтилди.
Таълим инспекцияси бошлиғи ўрганиш натижалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталиб ўтар экан, нодавлат таълим ташкилотларига яратилган имкониятлар ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Муҳтарам Президентимиз томонидан таълимга берилаётган эътибор натижасида, сўнгги йилларда давлат ва нодавлат таълим хизматларини кўрсатишда кенг имкониятлар яратилди. Бунинг натижасида таълимда соғлом рақобат муҳитини шаклланмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон ва 2022 йил 25 февралдаги 88-сонли қарорлари билан ушбу йўналишда лицензиялашнинг янги талаблари ва тартиблари ишлаб чиқилди.
Бу ислоҳотларнинг барчаси аввало, мамлакатимиз таълим тизимини янада такомиллаштириш ҳамда бу борада хусусий секторга кенгроқ имкон яратишга қаратилган. Олдимизда турган энг муҳим вазифа эса таълимни меҳнат бозори ва амалиёт билан боғлаган ҳолда олиб боришдир.
Бунда эса сифат ва самарадорлик кўрсаткичларининг мунтазам ошиб бориши жуда муҳим. Зеро ёшларимиз Сизлар раҳбарлик қилаётган таълим ташкилотларида бугунги кун учун энг зарур бўлган билим ва кўникмаларни эгаллашлари лозим.
Бу борада эса Таълим инспекцияси Сизлар билан мунтазам равишла фикр алмашиш ва ҳамкорлик қилишга тайёр”, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга Таълим инспекцияси мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.
Таъкидлаш лозим, ўтган йиллар давомида таълим соҳасини такомиллаштириш бўйича яратилган имкониятлар натижасида мамлакатимизда нодавлат таълим ташкилотлари сони 2017 йилга таққослаганда қарийб 10 бараварга ошди. Бу борада ўсиш кўрсаткичлари мунтазам давом этмоқда.