Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Корея Республикаси билан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик ривожлантирилади
2022-04-15 | Жамият
Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибти. Ушбу ташрифдан асосий мақсада Корея Республикаси билан транспорт, логистика ва рақамлаштириш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборатдир.
Ташрифнинг иккинчи кунида Транспорт вазирлиги ишчи гуруҳи аъзолари Корея Республикасининг Пусан шаҳрига ташриф буюриб, у ерда Пусан шаҳар мэрияси ва “Пусан” денгиз портини бошқариш администрацияси раҳбарлари билан музокаралар ўтказди ҳамда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги инфратузилма лойиҳалари билан яқиндан танишди. Хусусан, “Пусан” денгиз портини бошқариш администрацияси Вице-президенти Ким Гван-мин билан логистика, транзит ва юкларни етказиб бериш масалалари бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида “Пусан” денгиз порти маъмурияти транспорт ва логистика соҳаларида ёш кадрларни етиштириш, улар учун экспорт-импорт жараёнларида портлардан унумли фойдаланиш бўйича кўникмаларини ошириш мақсадида Транспорт вазирлигинининг 10 нафар вакиллари учун Пусан шаҳрида бепул ўқув курсларини ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди.
Шунингдек, шу куни Пусан шаҳар мэри ўринбосари Ли Бюнг-жин билан мамлакатларимиз ўртасида транспорт, йўл хўжалиги ва портларда юк ташиш соҳаларида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув томонлар жамоат транспортини ҳамкорликда Корея тажрибасини қўллаган ҳолда ривожлантириш, автомобиль йўллари ва кўприкларни қуриш соҳаларида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.
Шунингдек, Пусан шаҳридаги Кимхэ ҳалқаро аэропортида мазкур аэропортнинг ижрочи директори Жэ Хи Пак билан авиация соҳасидаги ҳамкорлик, аэропортларни ривожлантириш бўйича учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар давомида Жэ Хи Пак келгусида Ўзбекистоннинг йирик ва тарихий шаҳарлари ҳамда Пусан шаҳри ўртасида авиарейсларни йўлга қўйиш режаси борлиги ва шу сабабли ҳозирги вақтда мазкур рейсларнинг молиявий-иқтисодий жиҳатлари, тушумлар ва бошқа ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилаётганлигини маълум қилди.
Ушбу ҳисоб-китоблар асосида ўзбек томони авиаташувчиси билан музокаралар ўтказган ҳолда Пусан шаҳри ва Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ўртасида авиарейсларни йўлга қўйиш имконияти мавжуд эканлиги билдирилди. Томонлар ўртасида мазкур қўшимча рейсни йўлга қўйиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва зарурий ички идороавий жараёнларни жадаллаштиришда амалий кўмак кўрсатишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги