Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида
2022-04-14 | Технологиялар
Вазирлар Маҳкамасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлар раҳбарлари томонидан рақамли иқтисодиётни, дастурий маҳсулотларнинг маҳаллий бозорини тараққий эттириш, замонавий ахборот ва коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, ҳудудларда IT парклар фаолиятини кенгайтириш ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган тадбирлар ҳолати танқидий таҳлил қилинди.
Сўнгги йилларда давлат бошқаруви органлари ва иқтисодиёт тармоқларида рақамли технологияларни ривожлантириш, ҳудудларда IT компаниялар учун зарур инфратузилма яратиш ва ёшларда IT билимларга қизиқишни ва ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш чоралари кўрилаётгани қайд этилди.
Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида электрон ҳукуматни ривожлантиришга қаратилган 120 та, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича 80 та лойиҳа амалга оширилди, электрон давлат хизматлари 324 тага етказилди.
“Рақамли божхона” ахборот тизимини жорий этиш орқали юкларни декларация қилиш вақтини тўрт баробар қисқартиришга эришилди, беш мингдан ортиқ қудуқнинг маълумотлар ва геофизик тадқиқот натижаларини рақамлаштириш асосида 130 та коннинг рақамли модели ишлаб чиқилди.
IT инфратузилмани кенгайтириш мақсадида Тошкент, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Андижон, Марғилон ва Урганч шаҳарларида IT парк филиаллари ва Нукус, Навоий, Бухоро шаҳарларида вақтинчалик филиаллари ташкил этилиб, улар орқали жойлардаги 572 та стартап лойиҳани қўллаб-қувватлаш имконияти яратилди ва 113 та лойиҳага жами 82,8 миллиард сўм миқдорида грант ажратилди.
IT парк резидентлари сони 566 тага етди, шундан 18 таси чет эл капитали иштирокидаги компаниядир. Жорий йил биринчи чорагида улар томонидан кўрсатилган хизматлар қиймати 500 миллиард сўмга етди, экспорт ҳажми эса 16 миллион АҚШ долларини ташкил этди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 2,4 миллион фойдаланувчи рўйхатга олинди, шундан 1,12 миллион нафари ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Шунингдек, таҳлил натижаларига кўра, Молия, Транспорт, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларни якунига етказмагани аниқланди.
Иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича устувор лойиҳалар кечикишига йўл қўйган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ, “Қишлоққурилишбанк” АТБга бу масалага алоҳида эътибор қаратиш топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Наманган вилоятларида зарур инфратузилмани ривожлантириш ишлари якунига етказилмагани қайд этилди.
Соҳа, тармоқ ва ҳудуд раҳбарларининг эътиборини қаратиш зарур бўлган тизимли вазифалар белгилаб берилди:
биринчидан, янги электрон давлат хизматларини жорий қилишни фаоллаштириш ва давлат органларидаги бизнес жараёнларни реинжениринг асосида кўриб чиқишга алоҳида аҳамият қаратилди;
иккинчидан, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва электрон тижорат соҳасини янада ривожлантиришнинг қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, бозор иштирокчиларига тенг шароит яратиш ва уларни қўллаб- қувватлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди;
учинчидан, IT парк резидентларнинг асосий қисми (84 фоизи) Тошкент шаҳрига тўғри келгани инобатга олиниб, ҳудудларда IT компаниялар учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди;
тўртинчидан, стартап экотизимни янада ривожлантириш, олий таълим муассасаларида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес ғояларни инкубация қилиш марказларини ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди;
бешинчидан, давлат ва хўжалик бошқарув органларидаги ходимларнинг IT бўйича билимини ошириш, алоҳида ҳудудларда ёшларни рақамли билимларни эгаллашга жалб этиш йўналишлари белгилаб берилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, вилоятлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига ахборот технологиялари соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, ёшларни ушбу соҳага кўпроқ жалб қилиш ҳамда IT парк инфратузилмасини ривожлантириш ишларини кучайтириш бўйича самарали чоралар кўриш вазифаси топширилди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»