Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда 200 нафар афғон ёшларининг таълим олиши таъминланади
2022-04-12 | Таълим
Бирлашган Миллатлар Такилотининг Тараққиёт Дастури Тошкентдаги ваколатхонасида янги қўшма лойиҳанинг йўлга қўйилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистондаги бир қатор дипломатик ваколатхона вакиллари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Дастлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ташаббуси билан йўлга қўйилган “Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбий тайёрлаш бўйича Сурхондарё вилоятининг салоҳиятини ошириш” номли янги лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Ушбу лойиҳа Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилиши қайд этилди.
Тадбир давомида лойиҳада назарда тутилган 345 нафар афғон ёшларини Термиздаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўқитишни молиялаштириш ҳамда ушбу таълим марказининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, 100 нафар Афғонистон фуқаросини бир йиллик техник, касбий таълим ва тайёргарлик дастури доирасида ўқитиш ҳамда 100 нафар афғонистонликнинг қисқа муддатли (3-4 ойлик) касбий курсларда таълим олишини йўлга қўйиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида олий таълимнинг бакалавр босқичида таҳсил олаётган афғонистонлик талабалар сони 145 нафарни ташкил этади.
Тараққиёт Дастури вакили томонидан лойиҳани молиялаштирувчи Европа Иттифоқи бўлиб, ташаббус учун ушбу хорижий ташкилот томонидан 1 млн. евро миқдорида маблағ ажратилгани маълум қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги