Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда ногиронлар ҳуқуқларининг таъминланиши мавзусига бағишланган семинар-тренинг иш бошлади
2022-04-12 | Жамият
Бугун пойтахтимизда “Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлашда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг салоҳиятини ошириш” мавзусига бағишланган семинар-тренинг ўз ишини бошлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Матбуот хизматидан маълум қилинишича, ушбу икки кунлик тадбир мазкур марказ, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик тузилмаси томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов семинар-тренинг иштирокчиларини қутлар экан, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йил 7 июнда ратификация қилинганини қайд этди. Шу ўринда Конвенциянинг асосий мақсади ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тенглик асосида тўлиқ амалга оширилишини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан жамоатчилик мониторингини олиб бориш, халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича миллий ва муқобил маърузалар тайёрлаш жараёнларида фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этмоқда.
Бу омил, айниқса, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини нафақат ратификация қилиш, айни чоғда, унинг ижросини таъминлаш жараёнларига ҳам давлат тузилмалари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилгани мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Юртимизда ногиронлик соҳасида 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Мазкур ташкилотлар вакиллари БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишда фаол иштирок этди.
Конвенция ратификация қилингандан сўнг унинг ижро этилиши соҳасида бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, Конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган Миллий ҳаракатлар режаси халқаро экспертлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан берилган таклифлар асосида такомиллаштирилди. Миллий ҳаракатлар режасини Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясига киритиш режалаштирилган.
Маълумки, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида иштирок этувчи давлатлар Конвенцияни ратификация қилганидан сўнг дастлаб 2 йил ичида, кейинчалик ҳар 4 йилда бир марта миллий маърузани тақдим этиши зарур.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг даслабки миллий маърузасини 2023 йил июль ойида топшириш мўлжалланган. Шу билан бирга, БМТнинг тегишли қўмиталари фуқаролик жамияти вакиллари томонидан тақдим этиладиган муқобил маърузаларни олқишлайди.
Бу, ўз навбатида, давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакилларини янада фаол бўлишга чорлайди. Шу муносабат билан жорий семинар-тренингда Ўзбекистоннинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг салоҳиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тренинг давомида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция – ҳуқуқ стандартлари ва унсурлари”, “БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг миллий маърузаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолияти таҳлили”, “Муқобил маърузаларни тайёрлашга доир талаблар” каби мавзулар муҳокама қилинади.
Машғулотларни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси миллий дастурлари мувофиқлаштирувчилари Эркин Исақулов ва Юлия Воцлава олиб бормоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги