Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дунё маликалари Тошкeнтда баҳслашади
2022-04-12 | Спорт
Жорий йилнинг 15-17 апрель кунлари пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли халқаро турнир Ўзбекистон спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан ташкиллаштирилмоқда.
Бу йилги мусобақада Ўзбекистон, АҚШ, Aвстралия, Озарбайжон, Болгария, Колумбия, Буюк Британия, Грузия, Германия, Италия, Қозоғистон, Латвия, Янги Зеландия, Словения, Aрманистон каби давлат вакиллари ғолиблик учун куч синашади.
Мамлакатимизда ўтиши кутилаётган мазкур жаҳон кубоги иштирок этадиган барча гимнастикачилар учун муҳим ҳисобланади. Сабаби, 2022 йилги мавсумда гимнастикачиларни бир қатор муҳим мусобақалар кутмоқда. Жумладан, Олимпия ўйинларигача бўлган давр анча қисқа. Яъни шу йилнинг кузида лицензион жаҳон чемпионати бошланади ва унда “Париж-2024” Олимпиадаси учун биринчи квоталар ўйналади.
Бу эса терма жамоаларнинг тайёргарлик кўриши учун муддат кам қолганини билдиради. Шунингдек, гимнастикачилардан мураккаброқ дастурларни талаб қиладиган ҳакамлик қилишда янги қоидалар киритилгани ва гуруҳ машқларига ўзгартириш киритилгани спортчи ва мураббийлар учун бироз ноқулайликлар туғдириши табиий.
Ушбу синовларга тайёргарлик кўриш ва ўз маҳоратларини янада ошириш учун Тошкентда ўтадиган жаҳон кубоги гимнастикачилар катта майдонга айланади. Бу эса ҳар бир йўналишдаги баҳслар қизғин ўтишини кафолатлайди.
Тошкентдаги жаҳон кубоги яккалик босқичида мамлакатимиз шарафини Токио Олимпия ўйинлари иштирокчиси, Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ва Жаҳон чемпионати босқичлари ғолиби, жамоа етакчиси Сабина Ташкенбоева, Осиё чемпиони Тахмина Икромова ҳимоя қилади.
Шунингдек, гуруҳ машқларида Шаҳзода Ибрагимова, Наргиза Жуманиёзова, Нилуфар Aъзамова, Мумтоза Исхакзода, Мария Пак ва Хуршида Aбдурауфовалар ўз омадларини синовдан ўтказади. Жамоага Раъно Муҳамедова ва Нилуфар Шомуродовалар устозлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда илк бор бадиий гимнастика бўйича бундай юқори миқёсдаги турнирлар 2004 ва 2005 йилларда ўтказилган бўлса, орадан 5 йил ўтиб, 2010 йилда Тошкентда ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтган. Шу даврдан бошлаб ҳар йили пойтахтимиз сайёрамизнинг энг кучли гимнастикачилари иштирокида нуфузли мусобақалар ўтказилиб келинмоқда.
Манба: ЎзА