Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергетика вазирлиги делегацияси Бангладешга амалий ташриф буюрди
2022-04-11 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги делегацияси нефт-газ соҳасида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида амалий ташриф билан Бангладешда бўлди.
Илк учрашув Бангладеш Республикасининг “PetroBangla” миллий нефть ва газ компаниясида бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида “PetroBangla” компанияси раиси Назмул Аҳсан янги технологиялар ва қудуқларни бурғулаш тажрибаси, хусусан, Ўзбекистондаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) конида водород сулфиди юқори бўлган мураккаб геологик шароитларда қўлланиладиган тажрибага қизиқиш билдирди. Учрашувда бурғулаш соҳасида келгусидаги ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.
Делегация Дакка шаҳрида Бангладеш Республикаси энергетика вазири Назрул Ҳамид ва соҳа мутахассислари билан музокаралар ўтказди. Ўзбекистон делегацияси таркибига нефт-газ саноати ва қурилиш секторидаги “ERIELL Group” ва “Enter Engineering” каби йирик компаниялари бошқаруви аъзолари ҳам кирди.
Охирги 10 йил ичида “ERIELL Group” Бангладеш Республикасининг бир қатор конларида нефть ва газ хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Томонлар Бангладеш Республикасининг нефт-газ соҳасини ривожлантириш, жумладан, янги нефть ва газ конларини ўзлаштириш бўйича ҳукуматлараро даражадаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Шу муносабат билан Дакка шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда энергетика вазири Назрул Ҳамид компаниянинг 17 та қидирув қудуқларини бурғулаш ва синовдан ўтказиш бўйича олиб бораётган ишлари натижасида кунига саноат миқёсидаги 600-700 минг куб метр табиий газ оқими билан ижобий натижалар бераётганини юқори баҳолади.
Ўзбекистон мутахассислари нефт-кимё ва углеводород хом ашёси соҳасида катта тажрибага эга экани таъкидланди. Шу муносабат билан Бангладеш нефть қидирув ва қазиб олиш компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари инобатга олинди.
Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик газ қувурлари ва қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ҳам катта салоҳиятга эга.
Ҳамкорликдаги мавжуд ижобий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, зарур бурғулаш қурилмалари йўқлиги сабабли илгари амалга оширилмаган турли конларда 5500-6000 метр чуқурликдаги қидирув қудуқларини бурғулаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Энергетика вазири Насрул Ҳамид энергетика соҳасидаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, Бангладеш Ўзбекистон Республикасининг углеводородлар соҳасида, жумладан, Бангладеш муҳандислари малакасини ошириш тажрибасидан фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, у келгусидаги ҳамкорлик режаларини батафсил ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатга ташриф буюриш таклифини қабул қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги