Бош вазир ўринбосари Падангда “Бойсун баҳори”га кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди
Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Бойсун туманидаги Паданг кенгликларида бўлиб, жорий йилнинг 7-8 май кунлари ўтказиладиган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига кўрилаётган тайёргарлик ишларини кўздан кечирди.
Лойиҳага кўра,фестиваль доирасида миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари, дроншоулар, этноспорт беллашувлари, улоқ-кўпкари, кураш мусобақалари ва бошқа миллий тадбирлар ўтказилади. Таниқли санъаткорлар ҳамда фольклор жамоалари иштирокида фестивалнинг очилиш маросими, шунингдек, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимлари ташкил этилади.
Халқаро фестиваль бўлиб ўтадиган яшил адирликда юздан ортиқ ўтов ўрнатилиб, миллий урф-одат ва қадриятларимиз намойиш қилинади.
Тақдимот якунида мутасаддиларга миллий номоддий меросимиз кенг тараннум этиладиган халқаро фестивални юқори савияда ўтказиш юзасидан тегишли вазифалар топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги