Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қодирийни ёд этиб

2022-04-08 | Маданият

Пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий уй-музейида ўзбек романчилигининг асосчиси, севимли адибимиз таваллудининг 128 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоир ва ёзувчилар, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети илмий-педагогик жамоаси, талаба-ёшлар иштирок этди. 

Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов кейинги йилларда Абдулла Қодирий хотирасини эъзозлаш масаласи юртимиз маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. 

Абдулла Қодирийнинг невараси Хондамир Қодирий Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда барпо этилган ушбу уй-музейи адабиёт мухлислари билан ҳамиша гавжум эканини таъкидлади. Адабиётга кўрсатилаётган эътибор натижасида улуғ адиб яшаган мазкур хонадон бугун яна адабиёт, маърифат  масканига айланди. Бугунги кунда бу ерда ўқувчи ва талабалар учун адабиёт сабоқлари ўтказилаётгани эътиборга моликдир. 

...1937 йил 31 декабрига қадар бу хонадонга ҳар куни меҳмонлар, зиёлилар, илм аҳли доимий келиб турган экан. Абдулла Қодирий қисқа вақт умр кўрган бўлса-да, ғоят самарали, баракали ижод қилган адибдир. Халқни манқуртликдан огоҳ этиш, миллат қайғуси, ор-номус, инсоф-диёнат адиб ижодида устувор ўрин тутади. Отаси Қодир бобонинг ярим умрини ҳам яшаб улгурмаган, 44 йиллик умрини залворли асарлар яратишга бағишлаган Абдулла Қодирий чинакам маънавий жасорат соҳиби, десак муболаға бўлмайди.  

Адиб “Муштум” журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси бўлган эди. “Тўй”, “Аҳволимиз”, “Миллатимга”, “Фикр айлагил” каби шеърлари, “Бахтсиз куёв” драмаси, “Жувонбоз” ҳикояси ёзувчининг дастлабки асарларидир. “Улоқда” ҳикояси, “Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан”, “Тошпўлат тажанг нима дейдир?”  каби сатирик ҳикоялари адабиёт мухлислари томонидан севиб мутолаа қилинади.   

“Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, “Обид кетмон” повести ёзувчининг улкан маҳоратини, ўз миллатига, халқига бўлган чин муҳаббатини ўзида мужассам этган. Абдулла Қодирий бир қатор жаҳон ва рус классикларининг асарларини она тилимизга таржима қилган эди. Адиб 1991 йили Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати, 1994 йили эса “Мустақиллик” ордени билан мукофотланган эди. 

– Абдулла Қодирий уй-музейига келган ҳар бир инсон “Ўткан кунлар” романидаги Юсуфбек Ҳожи хонадонидаги муҳитни ҳис этгандек бўламиз, – деди  публицист Бахтиёр Ҳайдаров. – Ўзбекона орият, ҳамият, одоб, муомала-муносабат бунда яққол кўзга ташланади. Демакки, бу ҳовли хонадонга йиғилиб, адабий гурунглар, учрашувлар ўтказиш ёшларга Қодирий асарлари руҳини теран англатиш имконини беради. 

Тадбирда Абдулла Қодирий ижоди, унинг мураккаб ҳаёт йўли, асарларининг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. 

Улуғ адиб асарлари асосида саҳналаштирилган  спектакллар намойиш этилди. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди. 

Назокат Усмонова

Манба: ЎзА

Поделиться