Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президент маҳалладаги ўзгаришларни кўздан кечирди

2022-04-08 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги Университет маҳалласига борди.

Ижтимоий дастурларни маҳаллабай амалга ошириш – давлатимиз раҳбарининг энг асосий талаби. Университет маҳалласида ҳам иш шундай ташкил этилган. Фуқаролар йиғини биноси замонавий таъмирланган. Уйлар ҳовлиси, майдончалар обод қилиниб, ички йўллар бетон билан текисланган, 700 метр узунликдаги велосипед йўлаклари қурилган.

Маълумки, ўтган йили ноябрда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинган эди. Давлатимиз раҳбари бу жараёнда дарахт кўчатлари экиш билан бирга маҳаллаларда ишкомли кўчалар ташкил қилиш зарурлигини айтган эди. Шунга мувофиқ, Университет маҳалласида 750 метр узунликдаги ишкомлар ўрнатилиб, узумлар экилган. Кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларга райхон, намозшомгул каби гуллар экилган.

Университет маҳалласида 4 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. 19 та кўп қаватли уйнинг қиёфаси, йўлаклари яхшиланди. Бу ерда 150 ўринли хусусий мактаб ҳам бор. Ўндан ортиқ кичик бизнес корхонасида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда.

Президентимиз маҳаллада бажарилган ишларни кўздан кечирди. Маҳалла фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашди.

- Сизларни аввало Рамазон ойи билан, маҳаллангиз шундай обод бўлгани билан табриклайман. Бу салгина ҳаракат қилса, раҳбарлар пастга тушиб ишласа, натижа бўлишининг бир мисоли. Илгари маҳалланинг номи бор эди, ҳоким хуши келса, гаплашарди. Ҳозир ҳамма тизимни маҳаллада мужассам қилаяпмиз. Нима учун? Ҳар бир оилага, ҳар бир инсонга етиб бориш учун. Бундай ишлар ҳамма маҳаллада тезроқ бўлишини истардим, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йили Тошкент шаҳридаги 579 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан берилган эди. Бу йил ҳар бирига 1 миллиард сўмдан ажратилиши маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари маҳалладаги “Олмазор холдинг гранд” бошқарув сервис компанияси фаолияти билан ҳам танишди.

Кўп жойларда бўлгани каби Университет маҳалласида ҳам коммунал хизмат кўрсатишда муаммолар бор эди.

2021 йил 19 июнда Ўзбекистон Президентининг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. "Олмазор холдинг гранд” компанияси ушбу имкониятлар натижасида ташкил топди. Унинг икки қаватли биносида шинам шароитлар яратилган.

Компания 7 маҳалладаги 103 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Илгари бу уйларга 27 та ширкат қараган. Уларда директордан бошқа мутахассис, махсус техника бўлмаган. Ҳозир сервис компаниясида 70 та доимий иш ўрни яратилган. Махсус техникалар сотиб олинган. Компания биносида коммунал хизматлар бўйича ўқув маркази ҳам очилган.

Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида «Менинг уйим» мобиль иловаси жорий этилган.

Бундан ташқари, бошқарув компанияси биносидаги қўшимча хоналар ҳамда кўп қаватли уйларнинг ертўласида 30 га яқин маиший хизматлар ташкил этилган. Президентимиз ушбу шохобчаларни ҳам кириб кўрди.

Шу ерда Тошкент шаҳри туманларида ташкил этиладиган бошқарув сервис компаниялари бўйича тақдимот ўтказилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться