Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззах вилояти тадбиркорлари ва экспортчиларига манзилли кўмак берилмоқда
2022-04-08 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 7-8 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раислигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси бевосита жойларга чиққан ҳолда, Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганди, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчилар билан тўғридан-тўғри иш олиб борди.
8 апрель куни Жиззах шаҳрида ишбилармон доиралар вакиллари билан ташкил этилган учрашув олиб борилган ишларга якун ясади. Унда ўз хўжалик фаолияти жараёнида вилоят тадбиркорлари ва экспортчилари дуч келаётган муаммолар атрофлича муҳокама этилди.
Тадбирда 300 дан ортиқ тадбиркор ва экспортчилар қатнашди, уларнинг деярли ҳар бири ўзининг масалаларини ҳал этишда ёрдам сўраб, Комиссия раҳбариятига мурожаат қилиш имконига эга бўлди. Кўтарилган масалалар асосан кредит ресурсларини ажратиш, илгари олинган кредитлар бўйича фоиз тўловларини узайтириш, турли рухсатномалар ва лицензиялар олиш, коммунал – муҳандислик тармоқларга уланиш, экспортга етказиб бериш учун хорижий мижозларни топиш билан боғлиқ эди.
Ҳар бир муаммо устида тегишли вазирлик, идора ва вилоятнинг туман ва шаҳарларининг маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларини жалб этган ҳолда иш олиб борилди. Муаммоларнинг таҳлили ва кенг муҳокамаси натижасида уларни ҳал қилиш юзасидан ишлаб чиқилган алгоритмлар белгиланган вақт ичида тегишли чораларини кўриш учун дарҳол тегишли тузилмаларга юборилди.
Ўрганилган ҳолатлар, шунингдек, уларнинг тизимли хусусиятга эга бўлган ҳал қилиш механизмлари Ҳукумат комиссияси даражасида қарорлар қабул қилиш ва кейинчалик уларни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий қилиш учун тажриба сифатида қабул қилинди.
Тадбир ижтимоий тармоқларда онлайн тарзда узатиб борилди. Бу билан йиғилишда шахсан иштирок эта олмаган тадбиркорлар ва экспортчиларга Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг расмий саҳифалари орқали Ҳукумат комиссияси раҳбариятига ўз саволларини юборишга имкон яратилди. Ҳар бир онлайн тарзда юборилган мурожаат юзасидан қарор қабул қилди ва ижроси назоратга олинди.
Йиғилиш якунлари бўйича мутасадди раҳбарларга аниқланган масалаларни ҳал қилиш бўйича манзилли кўрсатмалар берилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги