Жаҳон банки билан қўшма лойиҳа доирасида ҳудудларда БПО марказларини яратиш ва жиҳозлаш режалаштирилмоқда
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Европа ва Марказий Осиёда рақамли ривожланиш амалиёти менежери в.б Никол Клинген учрашув ўтказди.
Учрашувда “Ўзбекистонда инклюзив рақамлаштириш” кенг кўламли лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат, рақамли инфратузилма ва IT-таълимни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда Жаҳон Банки билан бевосита ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этиш орқали уларнинг бандлигини ошириш, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш вазирлик фаолиятидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон банки иштирокида “Ўзбекистонда инклюзив рақамлаштириш” лойиҳаси доирасида масофавий хизматлар кўрсатиш марказларини (БПО-марказлари) ташкил этиш ва жиҳозлаш кўзда тутилган.
Томонлар ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг рақамли ривожланиши доирасида муҳимлигини қайд этиб, уни самарали амалга ошириш ва АКТ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги