Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши сессиясида икки муҳим масала муҳокама қилинди
2022-04-06 | Соғлиқни сақлаш
Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов, вилоятдан сайланган Сенат аъзолари, депутатлар ҳамда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Дастлаб Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2022 йил иш режасига кўра, ўтган ойда Сенат ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида олиб борилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳи раҳбари Одилжон Иминов аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш борасида ҳудудда амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.
Таъкидланганидек, вилоятдаги 3 милллион 683 минг 526 нафар (96,5 фоиз) фуқаро тўлиқ хатлов ва антропометриядан ўтказилиб, уларнинг маълумотлари электрон базага киритилди. Мақсадли скрининг тадбирлари, соғлом турмуш тарғиботи, сифатли тиббий хизматни чекка ҳудудлар аҳолисига яқинлаштириш борасида ҳам эътирофга молик натижаларга эришилмоқда. Шу билан бирга ушбу соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар ҳам бор.
Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – мамлакатимизда жорий йилнинг май ойида ўтказилиши белгиланган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайловига тайёргарлик жараёни билан боғлиқ ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси таркиби таништирилди.
Сессия якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ботир Мадиёров
Манба: «Халқ сўзи»