Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ташқи иқтисодий омиллар таҳлил қилиниб, зарур чоралар белгиланди
2022-03-31 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 31 март куни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Халқаро экспертлар жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги мураккаб вазият узоқ давом этишини прогноз қилишмоқда. Бу эса ички бозордаги нарх-навога, айниқса, озиқ-овқат нархлари ва инфляцияга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта.
Шу боис, бу омиллар Президент раҳбарлигида мунтазам таҳлил қилиниб, зарур чоралар кўриб борилмоқда. Бу ўз натижасини бериб, ички бозорда мўътадиллик таъминланмоқда.
Хусусан, гўшт, сут, картошка, тухум, гуруч нархининг ошишига йўл қўйилмади. Чет эл корхоналари Тошкент товар-хомашё биржасида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиши учун қўшимча шароит яратилди. Валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашди.
– Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захирамиз етарли, – деди давлат раҳбари.
Кириб келаётган Рамазон ойида нархни арзонлаштириш катта савоб экани, бунинг учун озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун аввал берилган имтиёзли маблағларни қайтариш муддати йил якунига қадар узайтирилди.
Бош вазир раҳбарлигида республика штаби ҳамда ҳокимлар бошчилигида ҳудудий штаблар ташкил этилди. Уларга бозордаги нарх-навони кундалик ўрганиб, маҳсулотларни аҳоли талабига қараб қўшимча етказиб бериш топширилди. Озиқ-овқат ва хомашёнинг биржа савдоларига чиқарилиши устидан кунлик назорат ўрнатиш, сунъий равишда нарх ошишининг олдини олиш вазифаси қўйилди.
– Ҳозир дунёда мураккаб давр давом этаяпти, ҳар куни янги синовлар билан тўқнаш келаяпмиз. Лекин, эртага нима бўлади, деб кутиб ўтириш ярамайди. Муаммоларни тезкор аниқлаб, ҳал қилиш ва янги имкониятларни излаб топишимиз керак, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ташқи хавф-хатарлар таъсирини камайтириш мақсадида тадбиркорларни қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.
Жумладан, банклар томонидан тадбиркорларга хомашё сотиб олиш ва айланма маблағлар учун қўшимча 10 триллион сўм “револьвер” кредитлар ажратилади. Давлат дастурлари доирасида мева-сабзавотчилик, оилавий тадбиркорлик, ипотека ва таълим кредитлари ҳажми ҳам, имтиёзли ставкалари ҳам сақлаб қолинади.
– Қанчалик оғир бўлмасин, ажратиладиган маблағларни камайтирмаймиз ва юкини оширмаймиз, – деди Президент.
Шунингдек, солиқ маъмурчилигидаги янги механизмлар бўйича йил якунигача жарима қўлламаслик, божхона имтиёзларини қўллаш даврини узайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда Тошкент инвестиция форуми якунларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мазкур анжуманда қарийб 8 миллиард долларлик шартномалар ва келишувларига эришилган. Кўплаб хорижий тадбиркорлар юртимизда ўз бизнесини бошлаш ёки ривожлантириш истагини билдирган.
Бу келишув ва ташаббуслар тўла амалга ошиши учун инвесторларга барча шароит яратилиши қайд этилди. Иқтисодиёт тармоқлари раҳбарларига хорижий компаниялар билан келишиб, уларнинг ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш вазифаси қўйилди. Навоий, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида қўшни мамлакатлар бозорига маҳсулот етказиб берувчи улгуржи савдо ҳудудлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳудуд ва тармоқларда харажатларни қисқартириш, таъмирлаш, автомобиль, мебель ва офис анжомлари харид қилишни тўхтатиб туриш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.
Халқаро молия бозоридаги ҳозирги нобарқарор вазиятда четдан маблағ жалб қилиш қийин бўлади. Бундай шароитда энг тўғри йўл – бор ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш.
Масалан, бугунги кунда қиймати 9 миллиард доллар бўлган 105 та лойиҳа доирасида жалб этилган маблағлар ишлатилмай турибди ёки чўзилаяпти.
Шу боис, Бош вазир ўринбосарига тармоқ раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир лойиҳани чуқур ўрганиб, ижросини жадаллаштириш, самарасиз ва истиқболсиз лойиҳаларни тугатиш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда аҳоли бандлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бу масалага фақат иқтисодий кўрсаткич сифатида эмас, балки “халқимизнинг ижтимоий ҳимояси” нуқтаи назаридан қараш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Янги иш ўринлари ташкил этиш кўрсаткичлари вилоят ва туманлар кесимида таҳлил қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Бугунги кунда 67 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилиш шаклига ўтказилган. Бундай касблар яна 20 тага кўпайтирилиши, бу орқали қўшимча 150 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.
Ҳукуматга эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти