Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Германия компанияси билан ҳамкорликда корхоналарнинг дуал таълимда иштироки рағбатлантирилади
2022-03-30 | Таълим
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Германиянинг KfW банки томонидан молиялаштириладиган “Профессионал таълим тизимини такомиллаштириш” лойиҳасини амалга оширишга доир навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов бошчилигидаги масъуллар ҳамда Германиянинг KfW банки томонидан мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича лойиҳаолди ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун ёлланган "Planco Consulting GMBH" компаниясининг хорижий ва маҳаллий экспертлари иштирок этишди.
Кун тартибидаги асосий масала сифатида "Planco Consulting GMBH" компанияси билан ҳамкорликда лойиҳа доирасида қуйидаги ишларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Хусусан:
- республика бўйича ҳар бир ҳудудда касбга ўқитишда илғор тажрибалар марказларини ташкил этиш;
- иш берувчилар билан ҳамкорликда амалий машғулотларни йўлга қўйиш ва корхоналарнинг дуал таълимда иштирокини рағбатлантириш;
- ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш бўйича малака ошириш курслари, қисқа ва узоқ муддатли тренингларни ҳамда меҳнат бозорига мутаносиб касбга ўқитишни йўлга қўйиш;
- иш берувчилар билан алоқаларни йўлга қўйиш ва меҳнат бозорига мос касбга ўқитиш таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда ишга жойлаштириш хизматларини такомиллаштириш. Шунингдек, тил ва касб кўникмаларига эга бўлган мутахассислар тайёрлаш, лойиҳа доирасида танлаб олинадиган профессионал таълим муассасаларининг ўқув лаборатория ва устахоналарни замон талаблари асосида жиҳозлаш, профессионал таълим дастурларини такомиллаштириш ва методик таъминотини янада кучайтириш, таълим тизимида педагогик кадрлар малакасини ошириш, бунда Германиядан малакали мутахассисларни ушбу жараёнга жалб этиш каби масалалар ҳам муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги