Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё чемпионатидан қайтган байдарка ва каноэчиларимиз тантанали кутиб олинди
2022-03-30 | Спорт
Хабарингиз бор, 24-27 март кунлари Таиландда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда муваффақиятли иштирок этган жамоамиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Маросимда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Мудофаа ҳамда Энергетика вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон ROWING&CANOE федерацияси раҳбарияти, Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби вакиллари, спортчиларимизнинг яқинлари иштирок этишди.
Шаҳрулло Маҳмудов спортчиларимизни қўлга киритилган муваффақият билан қутлар экан, эшкак эшувчиларимизга жорий йил Ханчжоу шаҳрида ўтадиган Осиё ўйинларида ҳам мана шундай юқори натижалар қайд этишларини тилаб қолди.
Эслатиб ўтамиз, ёшлар ва катталар ўртасида ташкил этилган мусобақада спортчиларимиз 16 та олтин, 19 та кумуш ва 8 та бронза, жами 43 та медаль жамғаришган эди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон ROWING&CANOE федерациясини, спортчи ва мураббийларимизни қўлга киритилган натижалар билан самимий қутлаб, келгуси халқаро мусобақаларда ҳам жамоамизнинг мана шундай зафарли иштирок этишини тилайди.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси