Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шомуродов хет-трек қайд этган ўйинда Ўзбекистон “Navruz Cup-2022”да ғалаба қозонди
2022-03-29 | Спорт
Ўйиннинг дастлабки дақиқалари тенг курашлар остида кечаётгандек эди гуё. Бироқ, биринчи бўлимнинг иккинчи ярмида вакилларимиз вазиятни тамомила ўзгартириб юборишди.
34-дақиқада футболчиларимиз тезкор қарши ҳужум уюштиришди. Рақиб ҳимоячиси ҳамда дарвозабоннинг қўпол хатосидан фойдаланган Жалолиддин Машарипов бўш қолган дарвозани ишғол этиб, ҳисобни очди.
Орадан кўп ўтмай Шомуродов ва Азизбек Омонов девор услубида ўйнашди ва қулай вазиятга чиқиб борган Элдор дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди – 2:0.
2-тайм бошида меҳмонлар ҳисобни қисқартиришди. Ҳимоячиларимиз Фаруку Мияга жарима майдони ичида эркин ҳаракат қилиш имконини тақдим этди ва у дарвозамизни ишғол этди.
Лекин Уганда терма жамоаси аъзоларининг қувончи узоққа чўзилмади. Тез орада яна ўша Элдорнинг жонбозлиги натижасида вакилларимиз ҳисобни 3:1 кўринишига келтириб қўйди. Майдон марказида тўпни эгаллаб олган Шомуродов тўпни қанотдаги шеригига оширди ва ўзи қулай вазиятга чиқиб борди. Буни ўз вақтида пайқаган Эркинов тўпни яна Элдорга оширди ва “Рома” вакилининг кучли зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўрига бориб тушди.
72-дақиқада Машарипов – Шомуродов комбинацияси ҳам гол билан якунланди. Бу сафар Элдор жарима майдони ташқарисидан кучли зарб билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди – 4:1. Бундан кўриниб турибдики, ҳамюртимизга имкон берса у гол уришни уддалайди.
Аммо, 78-дақиқада Эммануэл Окви ҳисобдаги фарқни қисқартиришга эришди. Ушбу ҳисоб ўйин охиригача ўзгармади ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Navruz Cup-2022” халқаро турнирида бош совринни қўлга киритди.
3-ўрин учун кечган баҳсда Тожикистон терма жамоаси 1:0 ҳисобида Қирғизистондан устун келди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги