Ўзбекистон – Эстония: икки давлат ўртасида электрон ҳукумат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлар давом этмоқда
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Эстония Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тоомас Тиерс билан учрашув бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос иштирок этди.
Учрашувда томонлар икки давлат ўртасида электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, IT-таълим, IT-тадбиркорлик соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Эстония ўртасида АКТ соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. 2021 йил апрел ойида Ўзбекистон ва Эстония ўртасида электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Мазкур меморандум доирасида икки давлат ўртасида электрон ҳукумат соҳасидаги ҳамкорликни амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг феврал ойида АКТ вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос бошчилигидаги Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазирлиги делегатсияси электрон ҳукуматни ривожлантириш ва жорий этиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Эстония Республикасига ташриф буюрган эди. Ташриф давомида АКТ вазирлиги мутахассислари бевосита эстониялик ҳамкасбларининг тажрибасини ўрганиб, АКТ соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишган эди.
Ўз навбатида, Эстония Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тоомас Тиерс икки давлат ўртасидаги шериклик муносабатлари ривожланиб бораётганини ижобий баҳолаб, Ўзбекистон ва Эстония ўртасида АКТ соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги