Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент халқаро инвестиция форумининг якунлари
2022-03-28 | Иқтисодиёт
Пойтахтимизда 1-Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ўз ишини якунлади. Тадбир 2 мингдан ортиқ иштирокчиларни – жаҳоннинг 56 мамлакатидан йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонларни бирлаштирган бизнес дунёсидаги муҳим воқеага айланди.
Форум муҳити ва унинг сермазмун бизнес дастури ишончли мулоқотни, конструктив фикр алмашишни ҳамда янги алоқалар ва шериклик муносабатларини ўрнатишга чорлар эди.
Форум орқали мамлакат ҳукумати халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятига инвесторлар учун энг қулай ва жозибали шароитларни яратиш ҳамда хорижий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама чуқурлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг йўналишларини белгилаб берди.
Форумнинг панель мунозаралари ва тадбирлари доирасида мамлакатимизнинг турли тармоқлари ва ҳудудларининг инвестициявий ва иқтисодий имкониятлари очиб берилди, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ислоҳ қилиш борасида эришилган натижалар кўриб чиқилди. Шунингдек, мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, минтақавий ва жаҳон савдо алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, инвестицияларни жалб қилиш механизмлари, савдони либераллаштириш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, республикани саноатлаштириш ва саноатни юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтириш бўйича навбатдаги тадбирлар, маҳаллий энергетикани трансформациялаш ва муқобил энергия манбаларига ўтиш чора-тадбирлари, минтақа мамлакатларининг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг транзит салоҳиятини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Ҳукумат, ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари ковиддан кейинги даврда иқтисодий фаолиятни жадал ривожлантиришни тиклаш ва рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш, пул-кредит сиёсатини тартибга солиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, банк сектори ва молия бозорини ривожлантириш механизмларини муҳокама қилдилар.
Форум доирасида Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилиши, “Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар” Ўзбекистон-Хитой инвестициявий форуми, шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари раҳбарлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этган Ўзбекистон учун “мамлакат платформаси” бўлиб ўтди. Форум иштирокчилари икки томонлама учрашув ва музокаралар чоғида ҳам фаол фикр алмашдилар ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Тадбирнинг амалий аҳамиятини ҳам таъкидлаш жоиз. Жумладан, Форум якунлари бўйича 7,8 млрд долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди. Шунингдек, қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
ТХИФ ўзини минтақалараро ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун кенг кўламли мулоқот платформаси сифатида намойиш этиб, мамлакатлараро ва минтақалараро инвестициявий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг кучли катализаторига айланди. Ушбу Форум Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, шунингдек, минтақа тадбиркорлари ва хорижий ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида уларни қизиқтирган йўналишларни кашф этиш учун доимий майдончага айланиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги