Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Татяна Проскурякова бошчилигидаги Жаҳон банки вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тимур Ишметов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Молия вазири ўринбосарлари Одилбек Исаков ва Аҳадбек Ҳайдаров, Марказий банк Раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев иштирок этдилар.
Меҳмонлар томонидан Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, ХМК Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича директори Вибке Счлемер, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги катта иқтисодчиси Винаяк Нагараж, Ўзбекистондаги Жаҳон банки портфелини мониторинг қилиш бўйича катта мутахассис Раҳимжан Ассангазиев ва бошқалар иштирок этдилар. Ўзбекистон ҳукуматининг Жаҳон банки билан самарали ҳамкорлик қилишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар масалалари кун тартибига киритилди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, шунингдек, келгуси йилларга мўлжалланган режалар айтиб ўтилди. Учрашувда томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Ўзбекистон томони Жаҳон банки томонидан тайёрланган жорий иқтисодий вазиятнинг қисқача таҳлили ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнози билан танишди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги