Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади
2022-03-24 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 март куни Халқаро инвестиция форуми доирасида мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раисининг ўринбосари Бинали Йилдиримни қабул қилди.
Учрашув аввалида Бинали Йилдирим давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этди. Ўзаро савдо ҳажмлари ортмоқда, замонавий саноатни барпо этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Стратегик шериклик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга фаол тайёргарлик кўрилмоқда.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Ўтган йил ноябрь ойида ташкилотнинг Истанбул саммитида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инновациялар ва юқори технологиялар трансфери каби соҳалардаги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш шулар жумласидан.
Минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти