Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Саудия Арабистони Қироллиги Инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ билан учрашди
2022-03-24 | Инновация
Тошкент шаҳридаги Хилтон меҳмонхонасида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Саудия Арабистони Қироллиги Инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан учрашди.
Учрашувда томонлар икки давлат илм-фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик алоқаларининг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида суҳбатлашди. Хусусан, вазир Холид Ал-Фалиҳ Саудия Арабистонида 20-25 йилдан бери инновацион экотизимни ташкил этиш ва ривожлантириш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётгани ҳамда ушбу тажриба Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр юритди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Қирол Абдулла номидаги Илмий-технологик университети, Қирол Абдулазиз номидаги Илм-фан ва техника шаҳарчаси ўртасида алоқаларни ўрнатиш икки давлат олимлари ва инновациялар соҳаси вакиллари билим ва тажриба алмашинувига катта туртки бериши мумкинлиги қайд этилди.
Ўз ўрнида, Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов ушбу йўналишда икки давлат олимлари учун қўшма илмий лойиҳалар танловларини ҳамда тадбиркорлар ўртасида стартап лойиҳалар танловларини ташкил этиш бўйича таклифни илгари сурди.
Шунингдек, томонлар технопарклар ўртасида, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватловчи жамғармалар ва венчур фондлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, ўзбекистонлик олимлар учун Саудия Арабистонида докторлик тадқиқотини олиб бориш учун дастур шакллантириш ҳамда ёш олимлар учун қиролликнинг илғор илмий муассасаларида стажировка дастурларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашув якунида Саудия Арабистони Қироллиги Инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирини Саудия Арабистонига юқоридаги келишувларни ҳамда янги йўналишларни муҳокама қилиш учун таклиф қилди ҳамда ташриф давомида барча тегишли ташкилот ва идоралар билан музокараларни ташкил этишга амалий кўмак беришини айтиб ўтди.
Учрашув дўстона руҳда ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги