Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кўҳна Термиз улоқ-кўпкари бўйича Халқаро турнирга мезбонлик қилади
2022-03-17 | Туризм
Жорий йилнинг 24-26-март кунлари Сурхондарё вилояти Термиз тумани ҳудудида жойлашган “Қорабайир отлари маҳорат мактаби”да улоқ-кўпкари бўйича халқаро турнир ўтказилади.
Шу муносабат билан бугун Спортни ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистонда илк бора ташкил этилаётган мазкур мусобақани юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди. Унда алоқадор вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари қатнашиб, халқаро турнирни юксак даражада ўтказиш билан боғлиқ вазифаларни кўриб чиқишди.
Ташкилий қўмита йиғилишини Спортни ривожлантириш вазирининг маслаҳатчиси Авазжон Каримов олиб борди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари, полковник Сарвар Мамаюсупов халқаро турнирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, мусобақаларда яқин хорижий мамлакатлар, шунингдек Венгрия давлатидан умумий ҳисобда қарийб 120 нафар чавандозлар қатнашиши кутилаётганлиги, уларни кутиб олиш, жойлаштириш, халқаро турнир жараёнида турли кўргазмали чиқишлар, миллий спорт турлари намойиши ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Халқаро турнир баҳонасида улоқ-кўпкари бўйича хорижлик меҳмонлар иштирокида халқаро Конференция ташкил этиш борасида ўз таклифини илгари сурди.
Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси раиси ўринбосари Эркин Абзалов халқаро турнирда мамлакатимиздан 4та, хорижий давлатлардан эса 6тага яқин жамоалар қатнашиш борасида талабномаларни тақдим этганлиги, мусобақаларни адолатли бошқариб бориш учун ҳакамлар белгиланаётганлиги борасида ахборот берди.
Билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизнинг халқаро имиджини юксалтиришга ҳисса қўшадиган ушбу тадбирни юқори даражада ташкил этиш хусусида тегишли қарорлар қабул қилинди ва зарур кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги