Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эрон Қишлоқ хўжалиги биотехнологияси тадқиқоти институтига ташриф
2022-03-17 | Иқтисодиёт
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Эронга сафари давомида Эрон Қишлоқ хўжалиги биотехнологияси тадқиқоти институти директори Ғуломризо Салеҳи Жузани билан музокаралар ўтказди.
Институт раҳбари меҳмонларни ташкилотнинг қишлоқ хўжалиги, уруғчилик, ген муҳандислиги соҳаларидаги имкониятлари ва амалга оширган ишлари билан таништирди. Ташриф доирасида мазкур институтнинг агротехнологиялар, уруғчилик, ген муҳандислиги соҳаларидаги салоҳияти, имкониятлари ва асосий натижалари ўрганилди.
Қишлоқ хўжалиги биотехнологияси тадқиқоти институти 1999 йил ташкил топган бўлиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоларни бартараф қилишга қаратилган ташкилотдир. Ҳозирги кунда ташкилот томонидан ишлаб чиқилган технологиялар, уруғ ва навлар дунёнинг 25 мамлакатига экспорт қилиниб, ҳар йили 3 млн АҚШ доллари миқдорида импортни қоплашга хизмат қилади.
Музокаралар натижасида самарадор пробиотиклар, микробиологик препаратлар, нанотехнологиялар ва бошқа янги биотехнологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида келгусида ўтказилиши режалаштирилаётган «Ўзбекистон-Эрон» халқаро қўшма илмий лойиҳалар танлови доирасида Институтнинг нуфузли олимлари билан биргаликда илмий-тадқиқотлар ташкил этилиб, Эроннинг ушбу йўналишдаги, шу жумладан Оролбўйи ҳудудига мос энг яхши технологиялари ўзлаштирилиши бўйича келишувга эришилди.
Институтнинг голофитлар гермаплазмаси ноёб коллекциясида сақланаётган шўрга чидамли ўсимлар уруғларини Орол денгизининг қуриган тубида экиб, тажриба-синовларини ташкил этишга ва энг мақбул ўсимликларни кенгайтиришга келишиб олинди. Яқин келажакда minituber технологияси асосида картошка уруғчилигини ташкил этиш бўйича Эрон тажрибасини ўзлаштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассисларидан иборат алоҳида ишчи гуруҳ томонидан Исфахон шаҳридаги махсус лаборатория, иссиқхона ва ихтисослашган корхоналар фаолиятини ўрганиш, шунингдек Эрон томонининг мазкур ишлаб чиқариш занжири бўйича мутахассисларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш чоралари кўрилади.
Ташриф давомидаги муҳим келишувлардан бири Орол денгизининг қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудида экиш мақсадида шўр ва қурғоқчиликка чидамли бўлган, чорвачилик учун озуқа- ем ва ўсимлик ёғи олиш мумкин бўлган галофит ўсимликлар, хусусан «Камилин» ва «Гулиран» ўсимликлари уруғлари ҳамда уларнинг агротехнологиясини трансфер қилинишидир. Бундан ташқари институт томонидан ишлаб чиқилган чорвачилик учун махсус пробиотикларни ҳамда уларни ишлаб чиқариш технологияси Ўзбекистонга трансфер қилинади. Ушбу мақсадда Эронлик мутахассисларнинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилиши бўйича келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги