Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«European Policy Center» таҳлилий марказининг тажрибаси ўрганилди
2022-03-16 | Жамият
Брюсселда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ва USAIDнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси аъзолари European Policy Center (EPC) вакиллари билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун: EPC – бу Европа Иттифоқи сиёсатини ишлаб чиқишда ҳамкорлар, манфаатдор томонлар ва фуқаролик жамиятини жалб қилиш орқали Европа интеграциясини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган мустақил нотижорат таҳлилий марказ ҳисобланади.
Сиёсий таҳлилчи Аманда Паулнинг таъкидлашича, EPC 1996 йилда Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг сиёсий институтлар билан фикр алмашиш ва қўшма сиёсий тавсияларни ишлаб чиқиш учун қарор қабул қилувчилар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги фарқни бартараф этишга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. EPC тадқиқот гуруҳи 23 мамлакатда 60 дан ортиқ таҳлилчига эга.
EPC ҳар йили турли хил тадқиқот йўналишларига бағишланган 100 дан зиёд рисолалар чоп этади ва Бельгия ҳукуматига ҳисобот беради. Бундан ташқари, EPC вакили таъкидлаганидек, таҳлилий марказ Coca-Cola, Microsoft, Apple каби машҳур корпорация ва компаниялар билан ҳам ҳамкорлик қилади, ушбу компаниялар марказнинг тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаб келади. Бироқ, EPC вакилининг сўзларига кўра, ушбу қўллаб-қувватлашлар таҳлилий марказнинг тадқиқотлари ва нашрлари натижаларининг мустақиллиги ва холислигига ҳеч қандай акс таъсир кўрсатмайди.
Э.Туляков иштирокчиларни 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси асосий йўналишлари, мазмун-моҳияти, амалга оширилаётган тадқиқотлар ва «Тараққиёт стратегияси» маркази фаолияти билан батафсил таништириб ўтди.
Муҳокамаларда фуқаролик жамиятини сиёсий қарорлар қабул қилишга жалб этиш жараёнларини ўрганиш, ўтказилган таҳлил ва тадқиқот усулларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришнинг янги босқичи ҳақида ҳам сўз борди.
Шунингдек, учрашув давомида сафардан кўзланган мақсад – дўстона алоқаларни ўрнатиш ва Европанинг «ақл марказлари» билан ҳамкорликни йўлга қўйиш эканлигини алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар алоқаларни мунтазам давом эттиришга келишиб олдилар ва фуқаролик жамиятини сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб этиш бўйича тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: ЎзА