Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон–Эрон: инновацион ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
2022-03-15 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигидаги делегация Эрон Ислом Республикасига ташриф буюрди.
15 март куни делегация аъзоларини Эрон Ислом Республикасининг Фан ва технологиялар бўйича Вице-президенти Сурен Сатторий қабул қилди.
С.Сатторий билан ўтказилган учрашувда илм-фан, технологиялар ва стартаплар соҳаларида ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, қурғоқчиликка қарши курашиш, тузни камайтириш ҳамда шўрланган тупроқларда ўсимликларни етиштириш бўйича илғор тажрибаларни алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу куннинг ўзида Иброҳим Абдураҳмонов Эрон Ислом Республикаси Фан, тадқиқотлар ва технологиялар вазири Муҳаммад Али Золфигол билан учрашди. Томонлар Ўзбекистон ва Эрон олимлари учун Оролбўйи ҳудудида юзага келган муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган «Ўзбекистон-Эрон» қўшма илмий лойиҳалар танловини эълон қилиш ва энг яхши илмий ишланмаларни Оробўйи ҳудудига жорий қилишга келишдилар. Шунингдек, Ўзбекистондан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “InnoWeek-2022» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида икки давлат олимлари ва мутахассисларининг «Фан ва технологиялар форуми»ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, икки давлат вазирлари Эроннинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида ўзбекистонлик ёш олим ва мутахассисларининг қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама этиб, бу бўйича ташкилий ишларни бошлашга қарор қилдилар. Эронда ҳозирда ўн мингдан ортиқ стартап компаниялар фаолият кўрсатаётган бўлиб, учрашувда улардан энг муваффақиятлилари иштирокида Ўзбекистонда маҳорат дарслари ташкил этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг кўплаб хорижий давлатлар билан қўшма илмий лойиҳалар танловларини ўтказишдаги бой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, тенг улушларда молиялаштириш асосида «Ўзбекистон–Эрон» халқаро қўшма илмий лойиҳалар танловини ҳамкорликда ўтказишга келишилди.
Учрашув якуни бўйича фан ва технологияларни ривожлантириш, шу жумладан, шўрланиш ва тузни камайтириш технологияларини ўзлаштириш бўйича «Ўзбекистон-Эрон» қўшма ишчи гуруҳининг таркиби тасдиқланди. Шунингдек, ишчи гуруҳнинг ҳамкорликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари келишиб олинди.
Тадбир давомида Эрондаги Ал-Хоразмий халқаро фестивалининг асосий йўналишларида ўзбекистонлик ёшларнинг иштирок этишига оид масалалар муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги