Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги таклифлар ва истиқболли лойиҳалар масъуллар иштирокида таҳлил қилинди
2022-03-15 | Жамият
Вилоят ҳудудида амалиётга тадбиқ этиш кўзда тутилаётган ҳар битта лойиҳани мутасадди ва масъуллар иштирокида атрофлича ўрганиш ва таҳлил қилиш яхши анъанага айланди. Мақсад — уларнинг ҳаёт билан уйғунлиги ва аҳоли ҳоҳиш-иродасига мослигига эътибор қаратиш, энг муҳими, хатолардан имкон қадар холи бўлишига эришишдир.
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ана шу анъанага мувофиқ, ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор қишлоқ хўжалиги ва экологияга доир лойиҳалар билан танишди.
Дастлаб мутахассислар томонидан чиқиндиларни бошқариш соҳасида давлат хусусий шериклик лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Асосий мақсад қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш тизимини такомиллаштириш, ҳудудлар ободлигига самарали ҳисса қўшиш, жойларда санитар-экологик муҳитни яхшилашга эришишдир. Бироқ, сўнгги пайтларда бу борадаги ишлар жойларда етарлича қамраб олинмаяпти.
Шундан келиб чиққан ҳолда, 2022-2024 йилларда вилоятдаги 400 дан зиёд маҳаллаларда тўпланадиган чиқиндилар тозаланиб, қайта ишланади. Бунинг учун туман-шаҳарларда белгиланган 1-4 лотларда 138 чиқинди ташиш махсус техникаси харид қилинади, 414 та қўшимча иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, жойларда 37 та чиқинди йиғиш шаҳобчалари, 12 чиқиндини қайта юклаш станциялари қурилади ва махсус полигонда 2 маиший чиқиндини саралаш ускуналари ўрнатилади. Бу орқали атроф-муҳитга бўладиган салбий таъсир 85 фоизга камаяди.
Мулоқот давомида кластер тизимида ишга тушириладиган кенг кўламли ишларнинг иқтисодий-молиявий кўрсаткичлари ҳам атрофлича таҳлил қилинди.
Шундан сўнг «Governess Business» МЧЖ таъминот базасида Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ва ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлаш бўйича комбинат ташкил этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ҳозир Олмалиқ, Янгийўл, Оҳангарон, Ангрен, Чирчиқ шаҳарлари ва Зангиота, Янгийўл, Пискент туманларида 177 та ДМТТ мавжуд бўлиб, уларда 31 минг 323 нафар бола тарбияланади. Шуни эътиборга олиб, бир қатор ишлар босқичма-босқич амалга оширилиши лозим. Жумладан, таъминот базасининг вазифаси мактабгача таълим ташкилотларига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан олиш ва сақлашга эришишдир. Айниқса, қиш-баҳор мавсуми учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага олиш ва муассасаларга етказиб бериш тизими жорий қилинади.
Бунда МТТ учун қиш-баҳор мавсумида зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлар рўйхати шакллантирилади. Шунга асосан ташкилотлар учун захиралар яратиш, ягона арзон нарх юзага келади. Ўз навбатида, маҳсулотларнинг сифат назорати мутахассислар томонидан текширилади. Ошпаз, ошпаз ёрдамчилари ва ҳамшираларга махсус дастурлар асосида семинарлар ташкил этилади. Уларга доимий тавсиялар бериб борилади.
Зойир Мирзаев ҳар бир лойиҳа бўйича мутахассисларга ўз тавсияларини берди. Бу жараёнда аҳолига қулайлик яратиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги