Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди
2022-03-10 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича чораларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Тегишли вазирликлар, идоралар, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот беришди ҳамда тадбирнинг турли йўналишлардаги ташкилий ва мазмунига доир масалаларни ҳал қилишнинг жорий ҳолати тўғрисида маълумот тақдим қилишди.
Мамлакатнинг халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятидаги имиджини мустаҳкамлаш, унинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш, ҳамкор давлатлар билан инвестициявий муносабатларни кенгайтириш, халқаро молия институтлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш нуқтаи назаридан тадбирни юқори савияда ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида ҳал этилиши тегишли вазирлик ва идораларнинг тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларини талаб қилувчи қатор масалалар кўтарилди. Тегишли чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш алгоритмлари ишлаб чиқилиб, масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ТИФ тадбирларининг бизнес дастури кўриб чиқилди ва унинг доирасида имзоланадиган аниқ инвестициявий ва савдо битимлари рўйхатларини шакллантиришни назарда тутган ҳолда, форумни амалий мазмун билан бойтиш чоралари муҳокама қилинди. Тадбирнинг ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган лойиҳа ва дастурлар юзасидан қатъий келишувларга эришиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг инвестициявий ва иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш, шунингдек, хорижий мамлакатлар ишбилармон доираларини Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтиришга жалб қилишнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишнинг ягона платформаси сифатида муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилган барча санитария-эпидемиология тадбирларига риоя қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга тадбирнинг ташкилий ва мазмунига доир масалаларини ҳал этиш бўйича манзилли кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги