Бугун, соат 09:00 дан 12:00 га қадар Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод, Яккабоғ ва Китоб туманларида (20 м/с гача тезликда) кучли шамол эсиши ва ёғингарчилик қайд этилди.
Ноқулай об-ҳаво натижасида вилоятнинг бир нечта туманларида гирометорологик хавфли жараёнлар юзага келди:
соат 11:03 ларда Шаҳрисабз тумани “Чоршанби” қўрғонидаги озиқ-овқат савдо дўконининг том қопламасини шамол учириб юборган;
соат 11:25 ларда Қамаши тумани “А.Навоий” МФЙда жойлашган елим идишларни йиғиш пунктининг том қопламаси кучли шамолда қулаб тушган. Воқеа оқибатида уч нафар фуқаро турли даражада жабрланиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган;
соат 11:48 ларда кузатилган шамол Яккабоғ тумани “Учтепа” МФЙ, “Тош” қишлоғидаги уйнинг, “Наврўз” МФЙ, “Наврўз” қишлоғидаги иккита хонадоннинг қўшимча биноларидаги том қопламаларини учирган;
соат 11:50 ларда Китоб тумани “Қайнар”, “Мотмон” ва “Қавзихона” қишлоқлари ҳудудидаги 4 дона электр симёғочи ҳамда “Тепабоши” МФЙ ҳудудида 1 та яшаш уйининг том қисми кучли шамол натижасида қулаб тушган.
Юзага келган вазиятларни бартараф этиш учун Қашқадарё вилояти ФВБнинг таркибий тузилмалари ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимларининг 169 нафар қутқарувчилари, авария-тиклаш бригадалари шахсий таркиби ва 26 та махсус техника жалб этилган.
Республикамизнинг қолган ҳудудларида, хусусан, Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қисқа муддатли ёғингарчиликлар кузатилмоқда.
Кўнгилсиз вазиятларга тушиб қолмаслик учун хавфсизлик қоидаларига риоя қилинг.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги