Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олималар учун Scopus журналларига илмий мақолаларни тайёрлаш бўйича тренинг ўтказилди
2022-03-09 | Инновация
Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистондаги БМТТД ва ERGO Analytics компанияси томонидан йўлга қўйилган HIVE – Ўзбекистон олималарининг илмий кўникмаларини ошириш лабораторияси қўшма лойиҳаси доирасида Scopus журналига илмий мақолаларни тайёрлаш бўйича тренинг ўтказди.
Ушбу лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон илм-фани ва барқарор иқтисодий ривожланишидаги аёллар роли ва ҳиссасини кучайтиришдан иборат. HIVE лойиҳасида бутун Ўзбекистон ҳудудидан 2000 дан зиёд олималар, ОТМ ўқитувчилари ва докторантлар рўйхатдан ўтган.
Тадбирда Ўзбекистоннинг барча чеккаларидан 100 дан зиёд олималар, ОТМ ўқитувчилари ва аспирантлар қатнашдилар. Тренинг доирасида Scopus базасидаги илмий журналларда чоп этиш учун сифатли илмий тадқиқотларни тайёрлашнинг илмий адабиёт шарҳи, маълумотлар билан ишлаш ва илмий мақолаларни тартиблаш каби асосий жиҳатларига эътибор қаратилди.
Турли журналлар мисолида Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши истиқболлари ва амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар фонидаги долзарб билимлардаги янги бўшлиқларни излаш имкониятлари ўрганилди.
Тадбирда қуйидагилар сўзга чиқдилар:
- Доктор Седигех (Нахид) Шакиб, инглиз тилини ўқитиш ва ўрганиш соҳасидаги тадқиқотчи. Ҳозирда у AKFA университетида доцент бўлиб ишлайди. Унинг тадқиқотчилик қизиқишлари корпусли лингвистикани, танқидий тафаккурни, педагогик таълим ва фанлараро тадқиқотни қамраб олади. У рецензияланувчи журналлардаги 30 дан зиёд мақолаларнинг муаллифи ва ҳаммуаллифи сифатида кўп чоп этилган.
- ERGO компаниясининг катта таҳлилчиси Арлетта Исаева. Арлетта Scopus маълумотлар базасида энг кўп чоп этиладиган ўзбекистонлик ёш олимлардан биридир. Унинг тадқиқотлари барқарор ривожланиш ва турмуш сифатига бағишланган.
Тадбирни очар экан, АКФА университети ректори Беҳзод Жалолов бугунги кунда Ўзбекистон олдида илм-фанни рағбатлантириш ва мамлакат ОТМларининг глобал академик майдондаги ролини кучайтириш ҳисобига инсон капитали сифатини оширишдек долзарб вазифа турганлигини қайд этди. Университетлар билимларнинг миллий иқтисодиётнинг иқтисодий ўсиши омилига айланиши учун платформа бўлишлари керак. Университетнинг келажакдаги мақсади The World University Rankings дунёнинг энг яхши университетлари рейтингига кириш ва Марказий Осиёдаги илмий хабга айланишдир.
Тренингда қатнашганларнинг барчаси иштирокчи сертификатига эга бўлдилар ва HIVE платфтормаси тренинглари ҳамда семинарларида келгусида ҳам қатнашиш учун таклиф этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги