Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2022-03-07 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги Бош директори Патриция Данци ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Швейцария ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида 2022-2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури доирасида амалдаги икки томонлама молиявий-техник ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Швейцария делегацияси раҳбари Ўзбекистон томонидан нисбатан қисқа вақт ичида халқаро ва минтақавий муносабатларни ривожлантириш, барқарор ривожланишни таъминлаш каби йўналишларда эришилган ижобий натижаларга юқори баҳо берди.
Марказий Осиё билан 2022-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида Агентлик томонидан 240 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди. Томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиб, янги ҳамкорлик дастури доирасида ишлаб чиқиш учун энг истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқдилар.
Шунингдек, касб-ҳунар таълими ва Заравшан дарёси ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш йўналишлари бўйича умумий қиймати 31,7 миллион долларлик 2 лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан қўшма чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.
Тадбир якунида устувор йўналишларда молиявий-техник ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги