Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Андижон тажриба-кўргазма майдонида баҳорги ишлар бошланди
2022-03-04 | Жамият
Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан инновацион ҳудудга айлантирилаётган Марҳамат туманида жойлашган Андижон тажриба кўргазма майдонининг дала полигонида баҳорги ишлаб бошлаб юборилди.
Жумладан, дала майдонинг 5 гектар қисми текисланиб, бегона ўтлардан тозаланди ҳамда экин экиш учун тайёр ҳолатга келтирилди. Яқин кунлар ичида ушбу майдонга вилоятдаги Олий таълим муассасалари талаба ва профессор ўқитувчилари билан ҳамкорликда доривор ўсимлик ҳисобланган стевия, тоғ ялпизи, ромашка, дала чойи, амарант, растаропша каби ўсимликларни экиш ва юқори ҳосил олиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, инновацион иссиқхонадан ҳам унумли фойдаланган ҳолда Корея қовуни, Корея олма тарвузи, қулупнайнинг «Чарли» навларини тажриба сифатида экиб кўриш ва юқори ҳосил олиш режалаштирилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 203,3 млн.сўм маблағ билан молиялаштирилган «Калифорния ёмғир чувалчангини боқишнинг янгича дастурини татбиқ қилиш ва табиий «Биогомус» ишлаб чиқариш» лойиҳаси доирасида Андижон тажриба кўргазма майдонининг бўш турган қисмида қурилиш ишлари бошланди.
Яқин ойлар ичида ушбу жойдан юқори ҳосилдорликка эга бўлган, серҳосил ва арзон биогомус маҳсулоти ишлаб чиқарилади ҳамда сотуви йўлга қўйилади. Туман аҳлига ушбу янги инновацион усулда биогомус ишлаб чиқариш технологияси афзалликлари тушунтирилиб, бошқа ҳудудларида ҳам ушбу технологияни амалиётга жорий қилиш ва кенг тарғибот ишлари олиб бориш режалаштирилган.
Ушбу ишларнинг барчаси Андижон вилояти ҳудудий Инновацион ривожланиш бошқармаси томонидан назоратга олинди ҳамда лойиҳа ташаббускорларига лойиҳани белгиланган муддатларда якунлаш ва маҳсулот сотувини йўлга қўйиш зарурлиги тушунтириб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги