Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида “Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига 30 йил: ютуқлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида республика илмий-услубий конференция бўлиб ўтди. 2-март – мамлакатимиз ушбу халқаро олий ташкилотга аъзо бўлган кун ҳисобланади.
Илмий-услубий конференция давомида сўзга чиққанлар томонидан юртимизнинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни, ривожланиш ва интеграцияда халқаро ташкилотларнинг роли, хавфсизлик ва барқарорлик шартлари, экологик муаммоларнинг моҳияти ҳамда уларнинг ечимлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Филология фанлари номзоди, сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков ўз маърузасида БМТнинг мақсади ва вазифалари, унинг тарихи, унга аъзо бўлган давлатлар ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этди. Профессор-ўқитувчилар, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва талабалар иштирок этган мазкур конференция савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Конференция якунида тадбир иштирокчилари билим юртида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.
Шерзод ШАРИПОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги