Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Аризона университети вакилларини қабул қилди
2022-03-02 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШнинг Аризона давлат университети вакилларини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистондаги имкониятлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан олий таълим қамровининг кенгайиши юзасидан алоҳида тўхталиб ўтилди. Меҳмонлар Аризона давлат университетининг тақдимотини ўтказдилар.
Томонлар Ўзбекистонда «Келажак университети» (University of Future) ташкил этиш масаласини муҳокама қилдилар. Ушбу университет Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида очилиши мумкин бўлиб, муҳандислик ва технологиялар, бизнес ва бошқарув, ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-гуманитар фанлар, архитектура ва дизайн каби йўналишлар бўйича бакалавр, магистратура, докторантурани қамраб олиши кўзда тутилган.
Таълим инглиз ва ўзбек тилларида олиб борилиши, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида инновацион кампусларнинг ташкил этилиши имкониятлари ҳақида гапирилиб, «Келажак университети»нинг энг асосий афзаллиги — сифатли, инновацияларга асосланган ва юқори маошли ишлаб чиқариш билан боғланиши ҳамда бу орқали талабалар учун зарур иш ўринлари яратилиши таъкидланди.
Суҳбат сўнгида томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш учун келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги